Ўзбекистон | 21:11 / 06.09.2023
10465
5 дақиқада ўқилади

Самарқандда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция иш бошламоқда

30 дан ортиқ давлатдан 2 мингдан зиёд мутахассислар иштирок этадиган, Ўзбекистонда илк бор ташкиллаштирилаётган муҳим анжуман Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти — FAOʼнинг техник кўмаги билан ташкиллаштирилмоқда.

Фото: Ҳасан Пайдоев

Тадбирда 30 дан ортиқ давлатдан вазирлар ва дипломатлар, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон банки, Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилоти, Осиё тараққиёт банки каби ва бошқа халқаро ташкилотлар, молия институтлари ва илмий ташкилотларнинг вакиллари иштирок этади.

Фото: Ҳасан Пайдоев

Лотин тилида «Fiat panis» («Нон бўлсин») шиори остида фаолият кўрсатиб келаётган FAO ўз билими, кўникмалари ва тажрибаларини самарали қўллаши мумкин бўлган бешта устувор йўналишни белгилаб олган:

  • Очликка, озиқ-овқат хавфсизлиги йўқлиги ва тўйиб овқатланмасликка қарши курашишга кўмаклашиш — озиқ-овқат хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш учун сиёсат ва сиёсий мажбуриятларни амалга ошириш йўли билан очликни йўқ қилиш, очлик ва таомланиш соҳасидаги муаммолар ва ечимлар ҳақида янгиланган информацияларни тақдим этиш ва таъминлаш.
  • Қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги ва балиқ хўжалиги маҳсулдорлиги ва барқарорлигини ошириш — юқори маҳсулдор қишлоқ хўжалиги секторлари (ўт-ўланчилик, чорвачилик, ўрмон хўжалиги ва балиқ хўжалиги)ни қўллаб-қувватлаш учун фактга асосланган маълумотларга эга сиёсат ва амалиётни рағбатлантириш билан бирга табиий ресурслардан барқарор фойдаланишни таъминлаш.
  • Қишлоқ жойларда қашшоқлик даражасини қисқартириш — аҳолининг камбағал қатламларига ўзлари муҳтож бўлган ресурслар ва хизматларга эга бўлишда ёрдам кўрсатиш, жумладан, қишлоқ жойларида бандликни таъминлаш ва қашшоқликдан чиқиш учун ижтимоий ҳимоя бериш.
  • Агроозиқ-овқат тизимларининг инклюзивлиги ва самарадорлигини таъминлаш — қишлоқ жойларида қашшоқлик ва очликни қисқартиришга хизмат қиладиган кичик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватловчи хавфсиз ва самарали озиқ-овқат тизимларини яратишга кўмаклашиш.
  • Кризислар ва таҳдидларга қарамасдан яшаб қолиш учун воситаларни кучайтириш — мамлакатларга табиий офатлар ва атропоген фалокатларга тайёргарлик кўришда уларнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги тизимларининг барқарорлигини ошириш ва рискларни камайтириш йўли билан ёрдам кўрсатиш.

FAO маълумотларига кўра, жаҳонда озиқ-овқат хавфсизлиги мўътадил ёки ўткир мавжуд бўлмаган шароитда айни пайтда 2,3 млрд инсон яшамоқда. Уларнинг 556 миллион нафари (25 фоизи) Осиё қитъасида яшайди.

Жаҳондаги сўнгги йиллардаги геосиёсий вазият билан боғлиқ тебранишлар, албатта, озиқ-овқат хавфсизлиги учун ҳам етарли таҳдидлар пайдо қилган. Биргина Украинадаги уруш Африка қитъасида очарчилик хавфини келтириб чиқармоқда.

Албатта, бутун дунёда рўй бераётган таҳдидларнинг барчаси Ўзбекистон учун хос эмас. Масалан, юртимизга очарчилик хавф солаётгани йўқ. Бироқ ерларнинг шўрлаши, суғориш учун сув ресурсларининг камайиб бораётгани, чўллашиш, қурғоқчилик каби таҳдидлар бор. Бу ҳақда тадбир борасида журналистлар учун қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов брифингда чиқиш қилган.

Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов / Kun.uz

Бўлажак конференция FAO ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш учун хизмат қилади. Тадбир жаҳондаги агросаноат тизимларини ривожлантириш бўйича ечимлар ишлаб чиқиш, таҳдидларни муҳокама қилиш учун яхши майдонча бўлиб хизмат қилишига ишонилмоқда.

«Халқаро миқёсдаги ушбу тадбир 2-рақамли барқарор ривожлантириш мақсади — «Нол очлик»ка эришиш учун кўрилаётган чораларнинг статусини таҳлил қилиш имконияти беради», — деди FAOʼнинг Марказий Осиё бўйича субминтақавий мувофиқлаштирувчиси Виорел Гуцу.

Фото: Ҳасан Пайдоев

Қайд этиб ўтиш керак, «Нол очлик» мақсади —озиқ-овқат хавфсизлиги ва таомланишни яхшилаш бўйича конкрет вазифалар, шунингдек 2030 йилгача барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун чораларни қамраб олади.

Фото: Ҳасан Пайдоев

Конференция доирасида «Ўзбекистоннинг агроозиқ-овқат салоҳияти» кўргазмаси ва Ўзбекистон I агроозиқ-овқат инвестиция форуми ҳам ўтказилади. Форумда Германия, Италия, Исроил, Венгрия, Жанубий Корея, Полша, Озарбойжон, Қозоғистон ва бошқа давлатлардан 50 дан ортиқ компаниялар иштирок этади.

Халқаро конференция эртага расман очилади ва икки кун давомида иш олиб боради.

Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид