АҚШ ва Британия россиялик ҳакерларга қарши санкциялар жорий қилди
Вашингтон ва Лондон санкциялар рўйхатидаги 11 кишини Trickbot гуруҳининг кибержиноятчилари деб ҳисоблайди, улар муҳим инфратузилмага ҳужумлар ва товламачиликда айбланяпти.
АҚШ Молия вазирлиги 7 сентябр, пайшанба куни Вашингтон Trickbot ҳакерлар гуруҳи аъзоси деб ҳисоблайдиган 11 нафар россияликка нисбатан санкциялар жорий қилди. Чекловлар санкциялар рўйхатига киритилган шахсларнинг Қўшма Штатлардаги активларини музлатиш ва Америка фуқаролари ёки компанияларига бу шахслар билан бизнес юритишни тақиқлашни англатади. Худди шу куни Британия ҳукумати ҳам худди шундай чоралар кўрди.
«Россия узоқ вақтдан бери кибержиноятчилар учун хавфсиз бошпана бўлиб келган», — дея маълум қилди АҚШ Молия вазирлиги. Унга кўра, Trickbot Россия разведка идоралари билан алоқадор бўлиб, АҚШ ҳукумати ва компанияларига, шунингдек, муҳим инфратузилма ва соғлиқни сақлаш хизматлари провайдерларига ҳужум қилган. Гуруҳ Россиядан ташқаридаги нишонлардан молиявий маълумотларни ўғирлаш учун яратилган худди шу номдаги вирус ишлаб чиқарувчиси, деб ҳисоблайди Америка томони. Вашингтон Лондон билан келишилган ҳолда зарарли киберфаолиятга қарши курашиш учун жамоавий воситалар ва ваколатлардан фойдаланишда давом этади, деди АҚШ молия вазири ўринбосари Брайан Нелсон.
Лондон товламачиликдан кўрилган зарарни ўнлаб миллион еврога баҳолаган
Британия, шунингдек, Trickbot кибержиноятчиларини муҳим инфратузилмага ҳужум қилишда айблади. Бундан ташқари, ҳакерлар Россия ҳарбийларининг Украинага бостириб кириши мухолифларига таҳдид қилган, дея билдирди Лондон. Миллий жиноятчилик билан кураш агентлиги (National Crime Agency) ҳисоб-китобларига кўра, Trickbot бутун дунё бўйлаб камида 180 миллион доллар (168 миллион евро) ва Британияда жабрланганлардан камида 27 миллион фунт стерлинг (31,4 миллион евро) ундириш билан шуғулланган.
Россия расмийлари янги санкцияларга муносабат билдирди. Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов жазо чораларини «гибрид урушнинг элементи» деб ҳисоблади ва Россиянинг Британиядаги элчихонаси Лондоннинг қароридан ҳайратда эканлигини айтиб ўтди.
Мавзуга оид
16:48
Россияда ядровий портлашдан ҳимояловчи мобил бошпаналарни серияли ишлаб чиқариш бошланди
13:31
Ўзбекистон ва Россия қўшма корхоналарни кўпайтиришни муҳокама қиляпти
09:59
Украина хандақларида тақиқланган CS гази излари топилди
00:36