Жаҳон | 17:49
1639
3 дақиқада ўқилади

АҚШ россиялик ҳакерлар билан алоқаси учун Ўзбекистон фуқаросига санкциялар жорий қилди

1987 йилда туғилган ва Ўзбекистон фуқаролигига эга Азизжон Мамашоев россиялик ҳакерлар билан алоқадорликда ва киберхавфсизлик соҳасидаги жиноятларда гумон қилинмоқда.

Фото: iStock

АҚШ Молия вазирлиги ҳузуридаги Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Ўзбекистон фуқароси Мамашоев Азизжон Маҳмудовичга нисбатан санкциялар жорий қилди. АҚШ расмийларига кўра, у россиялик ҳакерлар билан алоқадор ва киберхавфсизлик соҳасидаги жиноятларда гумон қилинмоқда. Санкциялар рўйхатини янгилаш тўғрисидаги пресс-релиз OFAC сайтида жойлаштирилган.

Америка расмийлари унинг шахсий маълумотларини, жумладан, паспорт маълумотларини тақдим этди. Ушбу маълумотларга кўра, Мамашоев 1987 йилда туғилган ва Ўзбекистон фуқаролигига эга.

Шунингдек, юқорида қайд этилган ўзбекистонлик билан аффилланган Advance Security Solutions (Advanced Security Solutions) компанияси SDN-рўйхатига киритилган. OFAC сайтида таъкидланганидек, корхона 2025 йилда Дубайда (БАА) рўйхатдан ўтган. Бундан ташқари, юридик шахс манзиллари рўйхатида Тошкент шаҳри ҳам кўрсатилган.

Қайд этилишича, компания ҳужумкор киберхавфсизлик соҳасида фаолият юритади. Хусусан, у АҚШда ишлаб чиқилган дастурий таъминотнинг заифлиги ҳақидаги маълумотлар учун мукофот таклиф қилувчи эксплойтлар (компютер тизимларини бузиш воситалари) брокери сифатида ишлайди.

Ўзбекистонлик билан бир қаторда россияликлар - Олег Кучеров, Марина Васанович ва Сергей Зеленюк ҳам санкциялар остида қолди. Иккинчиси АҚШ давлат органлари ва тиббиёт муассасаларига зарарли дастурлардан фойдаланган ҳолда киберҳужумлар уюштирганликда гумон қилинмоқда. Ҳужжатда айтилишича, бу одамларнинг барчаси, шу жумладан Мамашоев ҳам Зеленюк ва унинг ташкилотига моддий ёки техник ёрдам кўрсатган.

SDN-рўйхати АҚШ Молия вазирлигининг асосий «қора рўйхати» ҳисобланади. Унга қатъий чекловлар жорий қилинган компаниялар ва жисмоний шахслар киритилади. Шу билан бирга, санкциялар остидаги субъектларнинг активлари музлатилади, АҚШ фуқаролари ва корхоналарига эса ушбу рўйхатдаги шахслар билан ҳар қандай ишларни олиб бориш тақиқланади.

2025 йил ноябрда OFAC Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган Datavice компаниясини Россияга қарши санкциялар рўйхатига киритган эди. Америкаликларнинг маълумотларига кўра, бу корхона Россия инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш ёки кибержиноятчилик билан боғлиқ фаолиятга алоқадор бўлиши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид