Жаҳон | 09:11 / 08.09.2023
4016
3 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Россиядаги элчихонаси Владимир Кара-Мурзани озод қилишга чақирди

Владимир Кара-Мурза Россияда РФ Қуролли кучлари ҳақидаги «фейклар», давлатга хиёнат ва «номақбул» ташкилот фаолиятида айбланиб, 25 йилга озодликдан маҳрум этилди. Вашингтон унинг ишини сиёсий мотивга эга деб атади.

Фото: Дмитрий Лебедев / Коммерсантъ

АҚШнинг Россиядаги элчихонаси 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган россиялик мухолифатчи сиёсатчи ва публицист Владимир Кара-Мурза ҳамда Россиядаги 600 дан ортиқ сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақирди. Дипломатик идора 7 сентябр, пайшанба куни маълум қилишича, Кара-Мурза «қамоқхонада ва унинг ноқонуний ҳукми устидан берилган шикоят рад этилганидан сўнг хавфли тарзда колонияга олиб кетилаётганда иккинчи туғилган кунини нишонламоқда».

АҚШнинг Москвадаги элчихонаси россиялик «қамоқда бўлмаслиги керак» дея маълум қилди. Мухолифатчи Россия Федерацияси Конституцияси ва Россия иштирокчи бўлган халқаро шартномаларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқларидан фойдаланиб, «шунчаки ўз ҳукумати сиёсатига рози бўлмаган ва ўз фикрини омма олдида билдирган», деб таъкидлади дипломатик миссия.

Вашингтон Кара-Мурзага нисбатан қўзғатилган ишни қоралаб, уни сиёсий сабаблар билан изоҳлади. Бундан ташқари, АҚШ «Россия ҳукуматининг мамлакат тараққиёти йўналишини танлашда овози ҳисобга олинишини истаганларга қарши репрессия кампаниясини кучайтираётганини қоралайди», дейилади элчихона хабарида.

Ҳукм устидан шикоят қилинган, бироқ у ўзгаришсиз қолган

Владимир Кара-Мурза 2022 йил баҳорида ҳибсга олинган, 2023 йил апрелида эса 25 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилинган. Москва шаҳар суди сиёсатчини давлатга хиёнат қилиш, Россия армиясига туҳмат ва «номақбул» ташкилот билан ҳамкорликда айбдор деб топди. Мухолифатчининг ҳимояси ҳукм устидан шикоят қилган, бироқ 31 июл куни биринчи апелляция суди Москва шаҳар суди қарорини ўз кучида қолдирган. Сентябр ойи бошида Кара-Мурза тергов изоляторидан олиб чиқиб кетилгани маълум бўлди. 

Владимир Кара-Мурза - таниқли россиялик журналист Владимир Кара-Мурзанинг ўғли, 2012 йилда у Қўшма Штатларда «Магнитский рўйхати» деб аталмиш рўйхатни фаол тарғиб қилган. 2015 йилнинг май ойида сиёсатчи заҳарланиш оқибатида вафот этишига сал қолди. 2017 йилда яна шу каби белгилар билан вақтинча касалхонага ётқизилган. 2022 йилда Кара-Мурза инсон ҳуқуқлари бўйича Вацлав Ҳавел мукофоти ва Axel Springer Stiftung Германия жамғармасининг «Жасорат» мукофоти билан тақдирланган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид