Жаҳон | 09:44 / 08.09.2023
3545
2 дақиқада ўқилади

Латвиядаги россияликларга тил имтиҳонидан ўтиш учун 2 йил вақт берилади

Латвияда тил бўйича имтиҳондан ўтмаган Россия Федерацияси фуқаролари 2 йил давомида яшаш учун рухсатнома олиши мумкин ва бу муддат давомида А2 даражасида тил билишини тасдиқлаши лозим, бу - Сейм томонидан тасдиқланган қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларда назарда тутилган.

Фото: AFP / Gints Ivuskans

Латвия Сейми (бир палатали парламент) 7 сентябр, пайшанба куни биринчи ўқишда иммиграция қонунчилигига латиш тилидан имтиҳондан ўта олмаган Россия фуқароларига икки йил вақт берадиган тузатишларни қабул қилди. Бундай шахслар 2 йил давомида вақтинчалик яшаш учун рухсатнома олиши мумкин, бу вақт давомида улар Латвия Республикасининг давлат тилини билиш бўйича имтиҳон топшириши ва А2 даражасида бу борадаги билимини тасдиқлаши керак.

Ушбу 2 йил давомида Россия Федерациясининг бундай фуқаролари ижтимоий кафолатлар олиш ҳуқуқини, шунингдек, доимий яшаш учун рухсатномани сақлаб қолади. Европа Иттифоқининг доимий резиденти мақомини олиш учун тил имтиҳони талаб қилинади.

Қонун лойиҳасининг иккинчи – якуний ўқиши 14 сентябр куни бўлиб ўтади. Сейм депутатлари қонун лойиҳасига унинг якуний таҳририни ўзгартириши мумкин бўлган янги тузатишлар киритиши мумкин, деб ёзади Delfi онлайн нашри. Ҳужжат парламент томонидан қабул қилинса, қонун лойиҳасини мамлакат президенти Эдгарс Ринкевич тасдиқлаши керак.

Россия фуқаролигини олган Латвия аҳолиси янги яшаш учун янги рухсатнома олиши зарур

2022 йилнинг кузида Латвия Фуқаролик ва миграция масалалари бошқармаси Россия фуқаролигини олган мамлакат резидентларининг доимий яшаш учун рухсатномалари бекор қилинишини билдирди. Латвияда доимий резидент мақомида қолиш учун россияликлар 1 сентябргача янги доимий яшаш учун рухсатнома - Европа Иттифоқининг доимий резиденти мақомини олиши керак эди. 

Август ойи бошида Латвия Ички ишлар вазирлиги латиш тили имтиҳонига ёзилмаган ва доимий яшаш учун рухсатномани узайтириш учун ариза бермаган 6000 га яқин кишига мамлакатни тарк этишни талаб қилувчи хатлар тайёрланаётганини тасдиқлади. Танқидларга жавобан, Латвия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Марис Кучинскис иммиграция қонунларини юмшатувчи янгиликлар ишлаб чиқишни топширди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид