Жаҳон | 11:20 / 09.09.2023
6954
2 дақиқада ўқилади

Арманистоннинг Москвадаги элчиси Россия ТИВга чақирилди

Россия Ереваннинг ХЖС Рим статутини ратификация қилиш жараёнини бошлашини, бош вазир рафиқаси Анна Акопяннинг Киевга ташрифини, Украинага ҳуманитар ёрдам етказишини ва АҚШ билан қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказишини «нодўстона қадамлар» деб ҳисоблади. 

Фото: РИА Новости

8 сентябр, жума куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги Арманистоннинг Москвадаги элчиси Вагаршак Арутюнянни чақиртирди. Дипломатга Ереваннинг «дўстона бўлмаган қадамлари» фонида «қаттиқ тақдимнома» берилди, дея таъкидлади Россия томони. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) Рим статутини ратификация қилиш жараёни бошланиши, Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг рафиқаси Анна Акопяннинг Киевга сафари, Украина ҳукуматига инсонпарварлик ёрдами узатилиши, шунингдек, АҚШ билан биргаликда Eagle Partner 2023 ҳарбий машғулотлари ўтказилишини шундай қадамлар деб ҳисобламоқда.

Шу билан бирга, Москва Россия ва Арманистон иттифоқчи бўлиб қолишига ишончи комил ва икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, жумладан, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) орқали ўқув машғулотларини тайёрлаш бўйича келишувлар амалга оширилади. Хабар эълон қилинган пайтда Ереван расмийлари Россия Ташқи ишлар вазирлигининг позициясига реакция билдирмаган эди. 

Арманистон бош вазири мамлакатнинг КХШТдаги аъзолиги тугатилишини истисно этмади 

Айни пайтда, январ ойида Арманистон 2023 йилда ўз ҳудудида КХШТ машғулотларини ўтказишдан бош тортган эди. Бундай ҳодисалар минтақада хавф туғдириши мумкин, дея тушунтирди Арманистон ҳукумати раҳбари Никол Пашинян. Кейинроқ у Арманистоннинг КХШТдаги аъзолиги тугатилишини истисно этмади, шунингдек, Россия тинчликпарвар кучларини Тоғли Қорабоғ аҳолиси хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўз миссиясини бажармагани учун қоралади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид