Ўзбекистон | 07:40 / 09.03.2024
4397
2 дақиқада ўқилади

USAID Ўзбекистонда «Бизнесни қўллаб-қувватлаш» лойиҳасини ишга туширди

USAID Ўзбекистонда 5 йилга мўлжалланган «Бизнесни қўллаб-қувватлаш» лойиҳасини бошлади. 17,7 млн долларлик ушбу лойиҳа барқарор ва инклюзив иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга қаратилган. 

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистонда барқарор ва инклюзив иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга қаратилган «Бизнесни қўллаб-қувватлаш» лойиҳасини ишга туширди. 5 март куни дастурнинг тақдимоти ўтказилди, дея хабар бермоқда Gazeta.uz.

Бизнесни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси беш йилга мўлжалланган бўлиб, USAID бунинг учун 17,7 миллион доллар миқдорида маблағ ажратишни режалаштирган. Мазкур лойиҳа иккита асосий мақсадга эришишга қаратилган: хусусий сектор ўсишида тўсиқларни бартараф этиш ҳамда секторда инвестициялар ва молиялаштириш имкониятларини ошириш.

Лойиҳа тўртта асосий йўналиш: ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ), туризм, текстил ҳамда яшил иқтисодиётда кичик ва ўрта бизнесларнинг рақобатбардошлигини оширишни қамраб олади.

Тадбирда нутқ сўзлаган USAID Ўзбекистондаги миссияси директори Девид Хофманнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа мамлакатда бизнес ривожланиши ва инновациялар учун янада қулай муҳит яратишга, Ўзбекистоннинг умумий иқтисодий фаровонлигига ҳисса қўшади.

Грант олиш жараёни икки босқичли бўлиб, биринчисида ариза берувчилар томонидан лойиҳа концепцияси тақдим этилади. Иккинчи босқичда эса сараланган аризачилар томонидан тўлиқ лойиҳа аризаси қабул қилинади. Таклиф этилаётган дастурларнинг давомийлиги 12 ойгача бўлиши керак.

Мавзуга оид