Туғуруқ таътили – аёллар ҳаётидаги энг муҳим ва масъулиятли, анчайин машаққатли давр ҳисобланади. Доимий жамият орасида бўлган инсон бу пайтда бола парвариши учун жамиятдан узилади. Асли касби ўқитувчи бўлган, турли лойиҳаларда фаол бўлган Эъзозхон Исматова биринчи фарзанди учун олган туғуруқ таътилида копирайтингни ўрганиб, шу соҳада фаолият бошлади. Ҳозир уйда ўтириб, ҳам икки бола парвариши билан банд бўлиб, ҳам масофадан ишлаб, кўпчилик ҳавас қиладиган миқдорда даромад топади. 

«Биринчи даромадимни 3-синфда топганман»

Ўқитувчилар сулоласиданман. Боболарим, бувим, аммаларим, тоғаларим, холаларим, янгаларим ҳам ўқитувчи. Дадам, онам ҳам шу касб эгаси бўлганларидан хонадонимизда ўзгача муҳит ҳукм сурарди. Ҳамманинг саводи Алифбедан чиқса, меники 4-5 ёш орасида бувим доим ўқиб борадиган «Бекажон» газетасидан чиққан. Шу-шу ҳикоя, мақола ўқишга меҳрим уйғонган.

Ҳатто боғча пайтидан бувим адабий тилда гапиришимга аҳамият берган. Бобом эса шахсий кутубхоналаридан ўқишим учун китоблар танлаб берарди. Эсимда, синфдошларимга улар ҳали «Сариқ девни миниб»ни бўлак-бўлак қилиб ўқиб юрган бир пайтда Эркин Аъзамнинг «Байрамдан бошқа кунлар» асари асосида очиқ дарс ўтиб берганман.

Ҳа, қонимда борлиги учун дарс беришга қизиқардим. Синфдошларим ва параллел синфларга устозлардан 1 соатдан сўраб, дарс ўтиб юрардим. Шунингдек, ёзишгаям муҳаббатим баланд эди. Математика-ку, доим ҳамроҳим бўлган. 

Лекин биласизми, шунча қизиқишларим ичида тадбиркорликка ҳам жой бор эди. Биринчи даромадимни 3-синфга ўтганимда қилганман. Математика, она тили китобларидаги қоидаларни компютерда териб, китобча шаклида чиқариб, қоида дафтар қилиб сотганман. Дафтарга жилд чиқариб пуллаганман. Рефератлар, ижодий ишлар... Кичик синфлигимдан бошлаб ўз жамғармам бўлган. Бироқ бунга мени ҳеч ким мажбур қилмаган. Аксинча, ота-онам қўллаб-қувватлаган, хоҳишларим «қанотини қайиришмаган». Чунки ўқишим аъло даражада эди-да.

Лицейда аниқ фанлар йўналишида ўқишни бошладим. «Банкда ишлайман!» деб ният қилардим... Аммо 1-курслигимда кучли руҳий травма олдим-у, математикадан қийнала бошладим. Миям тўхтаб қолгандай, ҳеч нимани ўйлагим келмасди.

Кейин Навоий давлат педагогика институтининг инглиз тили ва адабиёти йўналишига грант асосида қабул қилиндим. ОТМ менга шахсий ривожланиш учун катта эшиклар очди. Танловлар, саммитлар, анжуманлар, симпозиумлар... Ва шу қаторда яна ўша қадрдон машғулотларим ҳам қолиб кетмади. Институтда ўқирканман, ҳамма ишим режали, тартибли эди — репетиторлик қилардим, таржима билан шуғулланардим, буюртмага овоз ёзардим, компютердан ҳужжатлар, ҳар хил креатив календарлар чиқариб, «тикиб» сотардим, Telegramʼда гуруҳ очиб, юритиб, буюртма олиб, савдо қилардим. 2016-2017 йиллар эди чамамда, биринчи марта қўлимга маошим учун доллар олганман.