Жаҳон | 22:53 / 11.09.2023
19310
2 дақиқада ўқилади

Зеленский урушнинг узоқ вақтга чўзилиб кетиши эҳтимоли ҳақида гапирди

Унинг сўзларига кўра, уруш рақибни ҳолдан тойдиришга қаратилган узоқ муддатли ҳарбий ҳаракатларга айланса, Украина фронтда ҳам, эмиграция нуқтайи назаридан ҳам янада кўпроқ одам йўқотади. Шунга қарамай, украинлар президенти Россия кучлари Украина ҳудудини тарк этмай туриб, улар билан муросага бориш вариантини қабул қилмаслигини яна бир бор такрорлади.

Фото: Reuters

Украина президенти Володимир Зеленский Россия билан уруш чўзилиб кетиши ҳақида ўйлашни истамайди. Шу билан бирга, у воқеаларнинг бундай ривожига тайёр. Бу ҳақда Зеленский The Economist'га берган интервюсида айтиб ўтди.

“Менинг жамоам узоқ давом этадиган урушга тайёр бўлиши керак, ва мен эмоционал жиҳатдан тайёрман”, – деди у.

Зеленскийга кўра, уруш рақибни ҳолдан тойдиришга қаратилган узоқ муддатли урушга айланса, Украина ҳам фронтда, ҳам эмиграция жиҳатдан янада кўпроқ одам йўқотади. Унинг айтишича, уруш чўзилиб кетган тақдирда “мамлакат иқтисодиётини тўлиқ ҳарбийлаштириш”га тўғри келади.

Украина президентининг фикрича, Ғарб Киевга ёрдам ҳажмини камайтирса, бу нафақат урушни чўзиб юборади, балки Ғарбнинг ўзи учун ҳам рисклар пайдо бўлади.

Украинлар етакчиси Кремл билан муросага келиш эҳтимоли бор деган ғояни рад этиб, ҳарбий ҳаракатлар “Россия Украина ҳудудидан чиқиб кетмагунча” давом этишини таъкидлади. У буни Россия билан музокаралар натижасида бирор келишувга эришилса ҳам, бу келишув доимий бўлмаслиги билан изоҳлади.

Володимир Зеленский 2024 йили АҚШда бўлиб ўтадиган президент сайловига ҳам тўхталди. Украина президенти америкалик ҳамкасби Жо Байден лавозимига қайта сайланса, у Киевни қўллаш сиёсатини давом эттиришига умид билдирди.

Зеленский Европа Иттифоқидан ҳам шундай қўлловни кутаётганини қўшимча қилиб, иттифоқ Украинани ўз таркибига қабул қилиш бўйича музокараларни шу йил бошлашига умид билдирди.

Мавзуга оид