Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Америкалик тадқиқотчи Туркиянинг чуқур ғоридан қутқариб олинди
Туркиядаги энг чуқур ғорларидан бирида бир неча кун давомида қолиб кетган америкалик спелеолог ер юзасига олиб чиқилди. Жараёнда юзлаб қутқарувчилар иштирок этди.
40 ёшли Марк Дикки Туркия жанубидаги Морка ғорини ўрганаётган ва янги харитасини тузаётган эди. 2 сентябр куни у бир километрдан кўпроқ чуқурликда касал бўлиб қолди: унинг ошқозонидан қон кета бошлади. Спелеолог бу ҳақда ер юзасидаги ҳамкасбларига хабар беришга муваффақ бўлди.
Қутқарув операцияси шу куни бошланди ва унга Туркия, Хорватия, Италия ва бошқа мамлакатлардан 150 дан ортиқ қутқарувчилар жалб қилинди. Ғорнинг баъзи жойлари ўтиш учун жуда торлиги сабабли, қутқарув операцияси мураккаб тус олди. Шундай бўлса-да, дастлаб Диккига дори-дармонлар ва озиқ-овқат етказилди.
Қутқарувчилар ғор бўйлаб турли даражадаги кичик тиббий база лагерларини қурдилар, шунда тадқиқотчини олиб чиқиш жараёнида дам олиш имконияти яратилди.
10 сентябр куни Дикки замбилда 700 метр чуқурликка, эртаси куни эса 180 метрга кўтарилди.
Қутқарув операцияси давомида тадқиқотчига тиббий ёрдам кўрсатилиб, қон қуйилди. Ниҳоят 12 сентябр куни америкалик ер юзасига олиб чиқилди.
Марк Дикки қутқарилганидан кейин тўлқинланиб кетди.
«Мен ўзимга «Яшай оламанми?» деган саволни берардим. Бу мени ақлдан оздирди. Мен вазият унчалик жиддий эмас, ўлмасам керак, деб ўйладим. Шундан кейин жуда кўп қон қусдим... Энди омон қолмасам керак деган фикрлар хаёлимга келди», деди Дикки.