Ўзбекистон | 20:20 / 12.09.2023
7612
1 дақиқада ўқилади

«Андижон» аэропортида янги аэродром мажмуаси қурилиши бошланди

Реконструкция доирасида учиш-қўниш йўлаги узайтирилади ва кенгайтирилади, янги перрон қурилади. 

Фото: Uzbekistan Airports

«Андижон» халқаро аэропортида янги аэродром мажмуаси қурилишининг биринчи босқичи бошланди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар берди. 

Реконструкция доирасида янги аэродром мажмуаси, жумладан, узунлиги 3400 метр ва эни 60 метр бўлган учиш-қўниш йўлаги, юриш йўлаклари, самолётлар учун еттита тўхташ жойига эга перрон қурилиши кўзда тутилган. Шунингдек, аэродром мажмуасида барча турдаги ҳаво кемаларини тунги вақтда ва оғир об-ҳаво шароитида қабул қилиш/жўнатиш имконини берувчи ICAO иккинчи (CAT-II) тоифали замонавий ёритиш мосламалари ўрнатилади. 

Лойиҳа 2023-2024 йиллар давомида амалга оширилади. 

Қайд қилинишича, ҳозирги аэропортнинг учиш-қўниш йўлаги узунлиги 2985 метр ва эни 44 метр бўлиб, йўл қопламасининг юк кўтариш қобилияти пастлиги, шунингдек, замонавий ёритиш тизимининг йўқлиги сабабли кўплаб турдаги самолётларни қабул қилишда ва тунда фаолият олиб боришда чекловлар мавжуд.

Мавзуга оид