«Ота-онам шифокор бўлишимни хоҳлашган»
Зафарбек Набиев Самарқанд давлат тиббиёт университети 5-босқич талабаси. У Қашқадарё вилояти Косон туманидан келган. Унинг абитуриентлик даври Тошкентда ўтган. Пойтахтда ўқишга тайёрланган. Анча олдин тайёргарликни бошлагани учун дарслар билан муаммолар кўп бўлмаган. Фақат уйдан узоқдалиги учун кўникишга қийналган. Ота-онаси унинг шифокор бўлишини хоҳлашган. Шу сабабдан ўзи ҳам улар эгаллаган касбнинг давомчиси, етук шифокор-мутахассис бўлишни мақсад қилган ва Самарқанд давлат тиббиёт университетига ўқишга кирган. Ҳозирда даволаш иши йўналишида таҳсил олмоқда.

— Кўпчилик талабалар абитуриентликдаги бедор тунлар-у, тинимсиз китоб ўқишлардан сўнг талабаликни ўйин-кулги қиладиган, ичиш-чекишни ўрганадиган фасл деб ўйлайди ва афсуски, вақтини шу каби бекорчи ва зарарли нарсаларга сарф қилади. Менда ҳам ўқишга кирганимнинг дастлабки вақтларида айни шу нарсаларга имкон бўлган. Лекин менинг ниятим фақатгина талабалик эмас, юқорида айтганимдек онамнинг касби давомчиси, етук мутахассис бўлиш. Айни дамда шаҳардаги кўз даволаш клиникаларининг бирида ишлаяпман. Ҳафтанинг шанба-якшанба кунлари, баъзида тушдан кейин бўш вақтларим устозим билан ўша ерда тажриба орттираман, — дейди Зафарбек.
«Атрофимдаги талабаларнинг айримлари шифокор бўлишидан қўрқаман»
— Тиббиёт соҳаси талабалари яхши билим олиши жуда муҳим. Бунинг учун университетда деярли ҳамма шароит яратилган. Олийгоҳ талабаларидан талаб қилинадиган асосий нарса — намунали ўқиш. Лекин баъзилар улар ўқиши учун берилган эркинликларни бошқачароқ англайди, наздимда. Орамизда суперконтракт асосида талаба бўлганлар бор. Шу пайтгача уларнинг ҳафсала билан ўқиганини кўрмадим. Бундан ташқари, атрофимдаги талабаларнинг айримлари шифокор бўлишидан қўрқаман. Етарли билимга эга бўлмай туриб, дипломнинг ўзи билан касб эгаси бўлиш мумкин эмас. Улар шу соҳа ичидаги бошқа ишлар билан шуғуллангани маъқул. Аксинча, диплом бўлмаса ҳам керакли билимларни эгаллаган одам мутахассис бўлиши мумкин, — дейди Зафарбек Набиев.
«Одам танасига инсон эмас, объект сифатида қарашга ўргатишади»
— Бизга ҳозирда тиббиёт билан боғлиқ йўналишлар умумий ўргатилади. Масалан, суд тиббиёти фанида одам танасининг шикаст етган жойини синчковлик билан текширишимизга тўғри келади. Бундай вазиятларда устозларимиз одам танасига инсон эмас, объект сифатида қарашга ўргатади. Бу ишимизни профессионал бажаришга ёрдам беради. Биз ҳар қандай ҳолатда ҳам профессионал ишлашимиз керак, аслида. Чунки ишимиз инсон ҳаёти билан тўғридан-тўғри боғлиқ ва ҳеч қандай хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Исталган кичик хатомиз кечирилмаслиги, ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин, — дейди тиббиёт университети талабаси.


















