Украина Севастополдаги кема таъмирлаш заводига ҳужум қилди. Икки кема шикастланган
Севастополда ракеталар зарбасидан кейин кема таъмирлаш заводида йирик ёнғин чиқди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари нега ҳарбий объектларни ишончли ҳимоялай олмаяпти?
Украинлар аннексия қилинган Севастополга қанотли ракеталар орқали зарба бериши оқибатида икки кема шикастланган. Бу ҳақда РФ мудофаа вазирлиги маълум қилган. Бундан ташқари, вазирликнинг тасдиқлашича, 13 сентябрга ўтар кечаси худди шу вақтда учта денгиз дрони ҳам Қора денгиз флоти кемаларига ҳужум уюштирган, аммо улар йўқ қилинган.
Ҳодиса ҳақида дастлаб Севастополнинг Россия томонидан тайинланган мэри Михаил Развожаев хабар берди. Унинг сўзларига кўра, шаҳарга тонгги соат 3 атрофида ракеталар учиб келган.
У ракеталардан бири Севморзаводга келиб тушгани ва у ерда йирик ёнғин бошланганини маълум қилган. «Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида жами 24 киши жабрланган, тўрт кишининг — аҳволи ўрта оғир даражада», — дея ёзган Развожаев.
Россиядаги ҳуқуқ-тартибот идораларига алоқадор саналган Baza ва Shot телеграм-каналлари эса заводнинг 26 ишчиси жароҳатланиб, яна икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган. Қурбонлар ҳақида расмий маълумот йўқ. Каналларнинг тасдиқлашича, ҳужум оқибатида таъмирлаш учун завод ҳудудига жойлаштирилган «Минск» номли катта десант кемаси ва «Ростов-на-Дон» дизел-электрик сувости кемаси шикастланган.
Севморзавод — Севастополдаги Серго Орджоникидзе номидаги кемасозлик заводи бўлиб, бу ерда Россия Қора денгиз флоти кемалари турган ва таъмирланган.
Ҳужумдан бир неча соат ўтиб Россия мудофаа вазирлиги тунда Украина қуролли кучлари Севастополдаги мазкур заводга ўнта қанотли ракета билан зарба берганини хабар қилди. Вазирлик Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етти ракетани уриб туширгани — қолган уч ракета таъмирлаш жараёнида бўлган икки кемага шикаст етказганини маълум қилган.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва телеграм-каналлар тарқатган видеоларда кемасозлик заводи ҳудудида учта портлаш овози эшитилгани акс этган.
Россия мудофаа вазирлиги учта экипажсиз катер Қора денгиз флотининг денгизга чиқаётган кемалари отрядига ҳужум қилишга урингани, аммо «Василий Биков» патрул кемаси уларни йўқ қилгани ҳақида ҳам хабар берган.
Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси вакили Андрей Юсов ҳам украин нашрларига берган маълумотида Севастопол бўйлаб берилган зарбалар оқибатида кема ва сувости кемасига шикаст етказилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, ҳужум оқибатида кемасозлик заводининг ускуналари ҳам шикастланган.
Украина ҚК ҳаво кучлари қўмондони, генерал-лейтенант Николай Олешчук Севастопол бўйлаб зарба украин авиацияси томонидан берилганига ишора қилган. «Украина ҚК Ҳаво кучлари пилотларига аъло даражада бажарилган жанговар иш учун миннатдорчилик билдираман», — дейилади унинг телеграм-каналида.
Британиянинг Sky News нашри Украина ва Ғарбнинг бошқа мамлакатларидаги манбаларига таянган ҳолда Украина Севастополдаги заводга зарба беришда британларнинг Storm Shadow ракеталаридан фойдалангани ҳақида хабар берган.
Sky News завод бўйлаб берилган зарбани «Россия ҳарбий-денгиз объектларига бутун уруш давомида йўлланган энг йирик ҳужум» деб баҳолаган.
Oryx таҳлилчилари интернетда тарқалган суратни ҳисобга олиб, РФга тегишли десант кемаси шунчаки зарарланмаган, тикланмайдиган тарзда йўқ қилинган деган хулосага келишган.
Доклардаги кемалар нима учун яхши ҳимояланмаган - BBC рус хизмати шарҳловчиси Павел Аксенов:
Севастополдаги кемасозлик заводига берилган ракета зарбаси бу шаҳарга уруш бошидан буён қилинган энг йирик ҳужум бўлди. Россия мудофаа вазирлиги жами 10 та ракета учирилгани, шундан еттитаси уриб туширилганини маълум қилган.
Севастополдаги ҳарбий объектлар — аннексия қилинган Қримдаги энг яхши қўриқланадиган ҳудудлар қаторида саналади ва бу амалиёт Украина ҚК кучлари учун осон кечмаган. Натижаларга қараганда, Украина рақибнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларига ёппасига ракета учириш орқали «ортиқча юклама» ташлашга муваффақ бўлган ва улар шунчаки бунча миқдордаги нишонларнинг барини йўқ қилишга улгурмаган.
Бундай зарбалар натижалари ҳақида хулоса қилиш мураккаб, аммо фотосуратлардан кўриш мумкинки, заводдаги ёнғин кучли ва узоқ давом этган.
Кемасозлик корхонасидаги ёнғинлар оғир оқибатларга олиб келишининг сабаби шундаки, жанговар шай ҳолатда ва омон қолиш учун курашувчи экипажсиз уни сақлаб қоладиган кучлар етарли бўлмайди. Бортда завод ишчилари бўлади. Кемаларни таъмирлаш ишларини бажариш учун қоидалар ва кўрсатмалар мавжуд, бироқ уларга қанчалик риоя этилгани номаълум. Бортда шунингдек, турли ёнувчан материаллар, бўёқлар, эритмалар ва бошқа турли моддалар бўлган бўлиши мумкин.
Ҳозирча у ерда айнан қандай кемалар бўлгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, у ерда катта десант кемаси ва сувости кемаси турган бўлиши мумкин.
Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчук расмий телеграм-каналида зарба авиация орқали берилганини маълум қилган. Шу билан бирга, у «штормит» иборасини қўллаган, бу эса зарба беришда Storm Shadow ёки SCALP ракеталари қўлланганини англатиши мумкин. Украин ҳарбийлари уларни бундай қуролларни қўллаш учун такомиллаштирилган Су-24 самолётларидан учиришади.
Зарбаларнинг ҳозирча аниқ айтиш қийин бўлган яна бир оқибати заводнинг ўзидаги вайронгарчиликлар бўлиши мумкин. Россия Қора денгиз флоти тез-тез денгиз дронлари ҳужумига учраётгани инобатга олинса, бу завод ва унинг доклари муҳим ҳарбий ресурсга айлангани ойдинлашади. Икки докда ҳам кемалар тургани эса у ишлаётгани ва ҳарбийларда улар учун талаб бўлганини англатади.