Жаҳон | 09:05 / 13.09.2023
4074
4 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия россияликлар томонидан шахсий буюмларни олиб кириш қоидаларига аниқлик киритди

ЕК россияликларнинг шахсий буюмлари масаласида санкцияларни «мутаносиб ва оқилона» қўллашга чақирди. Автомобиллар тақиқланганлигича қолмоқда. 

Фото: Globallookpress / Jonas Walzberg

Еврокомиссия санкциялар бўйича ўзининг расмий тушунтиришларида россияликлар учун Европа Иттифоқи мамлакатларига шахсий буюмларни олиб киришни тақиқловчи бандга аниқлик киритди. Энди ҳужжат матнида 8 сентябрдаги таҳрирда бўлгани каби қатъий тақиқ мавжуд эмас

12 сентябр куни Еврокомиссия 3i моддаси талқинини янгилади. Илгари унда «Россия фуқаролари вақтинча шахсий фойдаланиш учун товарлар ва автомашиналарни Европа Иттифоқи мамлакатларига, шу жумладан сайёҳлик доирасида олиб келиши мумкинми?» деган савол бўлиб, унга қисқа жавоб берилган: «йўқ». 

Шахсий нарсалар бўйича, энди ҳужжатда айтилишича, миллий органлар тақиқни импорт қилинадиган товарларга нисбатан «мутаносиб ва оқилона тарзда» қўллашда давом этиши керак, бу эса санкцияларни четлаб ўтиш бўйича «кичик ташвишларни уйғотади». ЕК унга шахсий гигиена воситалари ва кийим-кечаклар киришини билдирди.

Россия автомобиллари билан кириш ҳали ҳам тақиқланган 

Еврокомиссия янгиланган тавсияларидан келиб чиқадики, Россияда рўйхатдан ўтган автомобиллар ҳали ҳам тақиқланган. Ҳужжатда таъкидланишича, улар санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланилиши мумкин. Автомобил шахсийми ёки у қандай божхона тартибида Европа Иттифоқи давлатига олиб кирилганлиги муҳим эмас. 

Еврокомиссия тушунтиришлари қонуний кучга эга эмас. Латвия ва Литва аллақачон Россия рақамларига эга автомобилларни олиб киришга тақиқ жорий қилган, Германия ва Эстония эса бундай машиналарни мусодара қилиш имкониятини билдирган. Еврокомиссия янги тушунтиришида смартфонлар, ноутбуклар ва камералар ҳақида ҳеч нарса айтилмаган, улар ҳам импорт қилиниши тақиқланган товарлар бўйича иловада келтирилган. 

Санкцияларни қўллаш бўйича ЕКдан тушунтиришлар 

8 сентябр куни Еврокомиссия Европа Иттифоқи кенгашининг санкциялар рўйхатига киритилган товарларни олиб кириш, сотиб олиш ва ташиш бўйича қарорларига тушунтиришларни эълон қилди. Ҳужжатдан келиб чиқадики, ҳар қандай, жумладан, шахсий мақсадларда фойдаланиладиган автомобиллар ҳам тақиқланади. 

Бундан ташқари, олдинги тушунтиришларда, Еврокомиссия Россия Федерациясидан Европа Иттифоқининг 833/2014 директиваси 3i моддасига XXI иловада санаб ўтилган косметика, чамадонлар, сумкалар, рюкзаклар, ҳамёнлар ва бир қатор бошқа нарсаларни олиб кириш тақиқланган импорт сифатида қабул қилинишини тасдиқлади. Иловада кийим-кечак буюмлари, шунингдек, ноутбуклар, камералар, мобил телефонлар, чарм ва мўйна маҳсулотлари, ярим қимматбаҳо ва қимматбаҳо тошлар санаб ўтилган.

Европа Иттифоқи ижроия департаментининг расмий вакили Даниэл Фэрри DW нашрига берган интервьюсида Россия фуқаролари Европа Иттифоқининг санкциялари туфайли шахсий автомобилларида Европа Иттифоқига кира олмаслигини тасдиқлади. Шу билан бирга, чегарада рухсат этилган бошқа товарларга нисбатан қатъий муносабатда бўлинмайди. «Чегарани кесиб ўтаётган одам кийган кийим Европа Иттифоқи санкцияларини четлаб ўтишга қаратилган бўлиши даргумон. Менимча, бу соғлом фикр», - дея таъкидлади Европа Иттифоқи вакили. Энди бу сўз ҳужжатда мустаҳкамланган.

Мавзуга оид