Эстония Россия рақамларига эга автомобиллар учун киришни ёпди
Латвия ва Литвадан кейин Эстония рус автомобилларининг киришига тақиқ қўйганини эълон қилди. Болтиқбўйи мамлакатлари чекловларни Европа комиссиясининг урушга қарши санкцияларни қўллаш бўйича директиваси билан тушунтирди.
Литва ва Латвиядан кейин Эстония 13 сентябр, чоршанба куни Москва вақти билан соат 10:00 дан бошлаб Россия рақамларига эга автомобилларнинг мамлакатга киришини тўхтатди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Маргус Цахна X ижтимоий тармоғида маълум қилди. «Улар (россияликлар) Украина ғалабага эришмагунча, бу ерда эркинлик тақдим этган имтиёзлардан баҳраманд бўлишлари мумкин эмас», деб ёзади у.
Аввалроқ республика ички ишлар вазири Лаури Ляэнеметс Эстония Европа комиссияси томонидан 8 сентябрда эълон қилинган Россияга нисбатан жорий қилинган санкцияларга қўшимча тушунтиришлар бўйича директивага амал қилишини билдирган эди. Ушбу ҳужжатга кўра, Россияда рўйхатдан ўтган транспорт воситалари энди Европа Иттифоқи ҳудудига кириши мумкин эмас.
Вазирнинг қўшимча қилишича, Россия рақамлари бўлган автомобилларнинг киришини тақиқлаш тўғрисидаги қарор Эстония томонидан Литва ва Латвия билан келишилган ва бу чора бир кун аввал эълон қилинган.
«Россия давлат рақамларига эга автомобиллар Эстониядан ташқи чегара орқали чиқиб кетиши ёки Европа Иттифоқининг ички чегараларини кесиб ўтиши мумкин. Лекин бундай автомобил чегара пунктига кирганда, Солиқ ва божхона департаменти тегишли тартибларни амалга оширади. Фойдаланувчи ёки эгаси ё Россияга машина билан қайтиш ёки усиз чегарани кесиб ўтиши керак», — дея таъкидлайди «Интерфакс» агентлиги.
Литвада Россия автомобиллари билан боғлиқ вазият
Литва божхона вакили Ирена Черкасовене россиялик ҳуқуқшунос ва ҳуқуқ ҳимоячиси Алексей Прянишниковнинг илтимосига кўра тақиқни изоҳлар экан, 13 сентябр куни шундай изоҳ берди: «Агар улар XXI иловасида кўрсатилган CN кодига тўғри келса (масалан, CN 8703 коди), транспорт воситалари қандай мақсадда ишлатилиши, Россияда ишлаб чиқарилганми ёки экспорт қилинадими, бу - муҳим эмас. Биринчи навбатда, бу Россия давлат рақамига эга бўлган ва Россияда рўйхатдан ўтган транспорт воситаларига тегишли. Шунингдек, уларнинг иттифоқда бўлиш муддати, шунга мос равишда ўтказиладиган божхона тартиб-таомиллари (масалан, эркин муомалага чиқариш ёки вақтинча олиб кириш) ҳам аҳамиятга эга эмас».
12 сентябр куни Литва Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат расмийлари Литвага кириб келаётган Россияда рўйхатдан ўтган автомобилларни мусодара қилишини билдирди. «Ҳа, Россияда рўйхатдан ўтган автомобиллар Литвага кирса, мусодара қилиниши керак ва бу назорат божхона органлари томонидан таъминланади, чунки бу уларнинг вазифаси, бу божхона органларининг иши ва масъулияти», - деди ўша куни Литва ички ишлар вазири Агне Билотайте журналистларнинг тегишли саволига жавоб берар экан.
Ўз навбатида, Литва ташқи ишлар вазири ўринбосари Йовита Нелюпшене чекловлар нафақат россияликларга, балки Россия давлат рақамлари бўлган автомобилларда кирадиган барча Европа Иттифоқи фуқароларига ҳам тегишли эканини қўшимча қилди. Бироқ, санкциялар Калининград орқали транзитда бўлганларга тааллуқли эмас, деди дипломат. Бундай саёҳатчиларда транзит визаси ёки машина Калининград орқали транзитда кетаётганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат бўлиши керак.
Россия автомобилларининг Латвияга кириши
12 сентябр куни соат 18:00 дан бошлаб Россия давлат рақамларига эга автомобилларни бошқараётган шахсларнинг Латвияга киришига тақиқ жорий этилди. «Европа комиссиясининг тушунтиришлари ва Латвия Ташқи ишлар вазирлигининг позициясига кўра, бугун соат 18:00 дан бошлаб Россия давлат рақамларига эга автомобилларда бўлган шахсларнинг Европа Иттифоқига Латвия-Россия ва Латвия-Беларус чегара пунктлари орқали киришига рухсат берилмайди», - дейилади Латвия Давлат даромадлари хизмати пресс-релизида.
Ҳужжатга кўра, бундай транспорт воситаларида кирувчилар Россия ёки Беларусга қайтишга мажбур бўлади, божхона органлари кўрсатмаларини бажаришдан бош тортган тақдирда эса, транспорт воситасини мусодара этиш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин.
Россиядан Европа Иттифоқига товарлар олиб киришга чекловлар
8 сентябр куни Еврокомиссия ўз веб-сайтига Европа Иттифоқи давлатлари томонидан Украинадаги уруш туфайли Россияга нисбатан қабул қилинган санкциялар қўлланишига оид савол-жавоб бўлимини қўшди. Хусусан, ҳужжатга кўра, Россияда рўйхатдан ўтган енгил автомобилда Европа Иттифоқига кириш тақиқланган импорт сифатида қабул қилинади.
Бу Россиядан ЕИ давлатларига импорт қилиши тақиқланган бошқа шахсий буюмларга ҳам тааллуқли. Рўйхатга ноутбуклар, смартфонлар, косметика воситалари ва ҳаттоки жомадонлар киради. Бундан ташқари, чармдан тайёрланган буюмлар, қимматбаҳо ва яримқимматбаҳо тошлар, ҳожатхона қоғози, шампунлар, тиш пасталари, юк ташиш учун автомобил тиркамалари ва яримтиркамалари, яхта ва фотокамералар ҳам бор.
Европа Иттифоқи ижроия департаментининг расмий вакили Даниэл Фэрри DW нашрига берган интервьюсида Россия фуқаролари Европа Иттифоқининг санкциялари туфайли шахсий автомобилларида Европа Иттифоқига кира олмаслигини тасдиқлади. Шу билан бирга, чегарада рухсат этилган бошқа товарларга нисбатан қатъий муносабатда бўлинмайди. «Чегарани кесиб ўтаётган одам кийган кийим Европа Иттифоқи санкцияларини четлаб ўтишга қаратилган бўлиши даргумон. Менимча, бу соғлом фикр», - дея таъкидлади Европа Иттифоқи вакили.
Европа Иттифоқи санкциялари Кремлни урушни молиялаштириш учун даромаддан маҳрум этишга қаратилган ва самарали бўлиши, уларни четлаб ўтиб бўлмаслиги таъминланиши керак, дея эслатди Фэрри.
Мавзуга оид
13:31
Ўзбекистон ва Россия қўшма корхоналарни кўпайтиришни муҳокама қиляпти
09:59
Украина хандақларида тақиқланган CS гази излари топилди
00:36
Россия БМТнинг Суданда ўт очишни тўхтатиш резолюциясига вето қўйди
21:08 / 18.11.2024