Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё раҳбарларининг маслаҳат учрашувида қатор таклифларни илгари сурди
Ўзбекистон президенти геосиёсий хатарларга қарши ҳаракатларни бирлаштириш, ўзаро савдони эркинлаштириш, Марказий Осиёда Транспорт ва транзит ҳақидаги битимни ишлаб чиқиш, Марказий Осиё иқтисодий кенгашини тузиш каби таклифларни ўртага ташлади. Шавкат Мирзиёев энергетикадаги муаммоларга тўхталаркан, буни минтақанинг узоқ муддатли ривожланиши йўлидаги жиддий таҳдид деб атади.
14 сентябр куни Душанбеда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.
Унда бешта республика президентлари билан бирга, фахрий меҳмон сифатида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ҳамда БМТ Бош котибининг махсус вакили – Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Каха Имнадзе ҳам қатнашди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев саммитдаги нутқида Марказий Осиёда барқарорлик ва бирдамлик мустаҳкамланаётгани асосий натижа сифатида қайд этди. Унга кўра, Марказий Осиё Ғарбни Шарқ ва Шимолни Жануб билан боғлайдиган транспорт хаби бўлишдек тарихий вазифани яна ўз зиммасига олмоқда.
“Бугун биз глобал ва минтақавий сиёсат кун тартибидаги кўплаб долзарб масалалар бўйича ягона позицияда туриб ҳаракат қилмоқдамиз”, – деди президент. Мирзиёев бунинг натижаси сифатида “Марказий Осиё плюс” форматида қарийб 10 дан ортиқ ҳамкорлик мулоқотлари таъсис этилганини таъкидлади.
Ўзбекистон етакчисининг қайд этишича, Марказий Осиё минтақаси “геосиёсий рақобат ва зиддиятларнинг оқибатларини тўлиқ ҳис этмоқда”. Бундай хавф-хатарларга самарали қарши туриш учун “кўп қиррали шерикликни чуқурлаштиришга қаратилган қўшма саъй-ҳаракатларни бирлаштириш” керак.
Эркин савдо
Шавкат Мирзиёев шу муносабат билан илгари сурган таклифлардан биринчиси ўзаро савдони эркинлаштиришга оид бўлди.
“Товар айланмаси ҳажмини ошириш мақсадида истисно ва чекловларсиз тўлақонли эркин савдо зоналарини тезроқ шакллантириш лозим.
Шу муносабат билан, минтақада барқарор савдо-логистика занжирларини шакллантириш, чегараолди ҳудудларида савдо ва кооперация марказларини очиш ва кенгайтириш, ўзаро савдо бўйича қонунчиликни уйғунлаштириш ва бу борадаги тўсиқларни бартараф этиш, божхона маъмурчилиги, санитар ва фитосанитар назорати, товарларнинг қаердан олиб келинаётганини сертификатлаш бўйича ягона электрон платформалар яратиш, минтақавий электрон савдо майдонини ишга туширишни кўзда тутадиган комплекс минтақавий дастурни қабул қилишни таклиф этамиз”, – деди президент.
Бунинг учун ташқи савдога масъул вазирларнинг доимий учрашувларини йўлга қўйиш кераклиги айтилди.
Саноат кооперацияси
Ўзбекистон раҳбари минтақада саноат кооперациясини ривожлантиришга чақирди. Мирзиёевга кўра, учинчи давлатларга экспорт қилишни кўзлаган ҳолда минерал ўғитлар, полимерлар, металлдан тайёр буюмлар, тайёр тўқимачилик ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги техникаларини йиғиш – истиқболли йўналишлар бўлиши мумкин.
Бу борадаги ҳаракатлар тизимли тус олиши учун Марказий Осиё мамлакатларининг узоқ истиқболга мўлжалланган саноат кооперациясини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Транспорт боғлиқлиги
Шавкат Мирзиёевнинг учинчи таклифи транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни оширишга қаратилди. Унинг айтишича, асосий ташқи бозорлардан жўғрофий жиҳатдан узоқлиги ҳисобига, МО давлатларида юкларни ташиш учун кетадиган харажатлар улуши товарларнинг сўнгги қийматига нисбатан 50 фоизгача етмоқда. Дунёдаги ўртача кўрсаткич эса 11 фоиздан ошмайди. Натижада минтақа иқтисодиёти ривожланган давлатлардагидан кўра 2-3 марта кўп транспорт харажатини кўтаришга мажбур бўляпти.
“Мамлакатларимизнинг транспорт соҳасидаги салоҳиятини янада ошириш мақсадида тармоқ вазирлари учрашувлари доирасида Марказий Осиёда Транспорт ва транзит ҳақидаги битимни ишлаб чиқиш, бизнес учун қулай бўлган оралиқ тарифларни қўллаган ҳолда, Хитой, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларига чиқиш учун самарали транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича аниқ механизмларни шакллантириш, Транспорт хизматлари бозорини либераллаштириш ва рухсат этишга доир тартиб-таомилларни оптималлаштириш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш, Халқаро ташувларнинг интеграциялашган рақамли платформасини яратиш имкониятлари мавжуд, деб ҳисоблаймиз”, – деди давлат раҳбари. У мазкур фаолиятга озарбайжонлик шерикларни фаол жалб этишни таклиф қилди.
Энергетика – жиддий таҳдид
Ўзбекистон президенти ўз нутқида энергетика масаласига ҳам урғу қаратди.
“Афсуски, минтақада энергетика инфратузилмаларини ривожлантириш суръатлари саноатлаштириш ва урбанизация жараёнлари, шунингдек, демографик ўсишдан орқада қолмоқда. Бугунги кунда бу мамлакатларимизнинг узоқ муддатли барқарор ривожланиши йўлидаги жиддий таҳдиддир.
Биз бундай шароитда тармоқ вазирликлари ва миллий компанияларимизнинг геология-қидирув ишларини олиб бориш ва истиқболли конларни ўзлаштириш, энергия ресурсларини сақлаш ва етказиб бериш бўйича мавжуд инфратузилмаларни кенгайтириш ва замонавий инфратузилмаларни яратиш соҳасидаги ҳамкорлигини янада кучайтириш тарафдоримиз.
Бундан ташқари, электр энергиясини етказиб бериш учун янги магистрал тармоқларни барпо этиш ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналишига айланиши лозим.
Бизнинг минтақамиз, шунингдек, гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга. Биз Тожикистонда Зарафшон дарёсида ГЭС қуриш лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқмоқдамиз, Қирғизистонда Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасини амалга ошириш масаласини фаол ҳал этмоқдамиз.
Шу билан бирга, энергия манбаларини диверсификация қилмасдан, муқобил энергетика соҳасига инвестиция ва технологияларни жалб этмасдан ва “яшил” водородни ишлаб чиқаришни йўлга қўймасдан туриб, минтақани барқарор ривожлантириш мумкин эмас, деб ҳисоблаймиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Озиқ-овқат хавфсизлиги
Ўзбекистон президенти Марказий Осиёда аграр секторнинг илмий-технологик жиҳатдан етарлича ривожланмагани, сув ресурслари борасидаги ўткир тақчиллик, қўшимча қиймат яратишнинг узоқ ва самарасиз занжирлари, иқлим инқирози ва логистикадаги узилишлар олдидаги беқарорлик, соғлом овқатланиш масалаларини қайд этиб ўтди.
Бу соҳада саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти кўмагида минтақавий Шериклик дастурини тайёрлаш таклиф этилди.
“Таъкидлаб айтмоқчиманки, бизнинг мамлакатларимиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан нафақат минтақанинг ички бозоридаги мавжуд эҳтиёжларни тўлиқ қоплаш, балки уларни экспорт қилишдек муҳим имкониятга ҳам эгадир”, – дея қўшимча қилди Мирзиёев.
Президент кун тартибидаги савдо-иқтисодий масалаларининг бутун комплекси бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун Марказий Осиё давлатлари иқтисодий кенгашини ташкил этишни таклиф қилди.
Иқлим ўзгаришига мослашиш
Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таҳдидларга қарши курашиш минтақанинг барқарор ривожланишини таъминлашнинг энг муҳим омилига айланмоқда.
Президент келгуси йил баҳорда Самарқандда Марказий Осиёдаги иқлим ўзгаришларига бағишланган халқаро форум ўтказилишини айтиб, унга минтақа мамлакатлари делегацияларини таклиф қилди. Форум якуни бўйича БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” номли резолюцияси лойиҳаси тайёрланади.
Таъкидланишича, иқлим ўзгаришларига мослашиш масалалари бўйича минтақавий стратегияни қабул қилиш ҳам иқлим барқарорлигини ва “яшил” тараққиётни таъминлашга қўшилган амалий ҳисса бўлиши мумкин.
“Минтақанинг иқлимга оид ягона кун тартибини шакллантириш ва биргаликда таъсирчан чора-тадбирларни қабул қилиш учун биз экология вазирлари даражасида “Иқлим бўйича Марказий Осиё мулоқоти” кўп томонлама платформасини таъсис этишни таклиф қиламиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Хавфсизлик
Ўзбекистон раҳбари Марказий Осиё давлатларининг Хавфсизлик кенгашлари котиблари томонидан мувофиқлаштириб бориладиган мунтазам йиғилишларни ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлади. Чегараларни ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш бўйича Давлатлараро дастурни ишлаб чиқишга киришиш таклиф этилди.
Хавфсизликка нисбатан анъанавий ва янги хавф-хатарларга қарши курашиш борасидаги сценарийларни амалда қўллаш бўйича қўшма ҳарбий-ўқув машқларини давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев фавқулодда вазиятлар юзасидан прогнозлар қилиш, уларнинг олдини олиш, барвақт огоҳлантириш ва уларга биргаликда қарши туриш борасида минтақавий тизимни шакллантиришга чақирди.
Афғонистон
Афғонистоннинг бугунги ҳокимияти билан доимий ва очиқ мулоқот қилиш, улар билан чегаралар хавфсизлиги, сувдан фойдаланиш ва савдо-сотиқни ривожлантириш масалалари бўйича мулоқот олиб бориш ғоят муҳимдир, деди Шавкат Мирзиёев.
Афғонистон ҳокимияти билан ҳамкорликни ўзаро келишилган ҳолда олиб бориш учун МО давлатларининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари даражасида мулоқот гуруҳини ташкил этиш таклиф этилди.
Президент трансафғон темир йўлини барпо этиш лойиҳасини илгари суриш билан бирга, Афғонистоннинг ички транспорт йўлларини тиклаш ўта муҳимлигини ҳам қайд этди.
***
Саммитда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарлари сўзга чиқди, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби саммит иштирокчиларига видеомурожаат йўллади.
Тадбир якунида қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинди:
- Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашуви якунлари бўйича қўшма баёнот;
- Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ёшларга оид сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисида битим;
- Марказий Осиёда ерусти транспортининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисида битим;
- Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ишлари бўйича Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгаши тўғрисида низом;
- 2022-2025 йилларда Марказий Осиёда саломатлик ва фаровонликни қўллаб-қувватлаш учун “йўл харитаси”.
Мавзуга оид
20:54 / 11.11.2024
Қозоғистон баҳорда Марказий Осиё давлатларидан 11 миллиард куб метр сув олади
16:34 / 08.11.2024
Россия Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишини истайди — Путин
22:15 / 25.10.2024
БМТ Марказий Осиёни «Тинчлик, ишонч ва ҳамкорлик ҳудуди» деб эълон қилди
20:43 / 17.10.2024