Унга кўра, вазирлик тизимидаги дам олиш масканларига вазирлик тизими ходимлари, жумладан, педагог кадрлар ҳамда давлат умумий ўрта таълим ташкилотларининг (7-14 ёш) иқтидорли ўқувчиларини қабул қилиш тартиби белгиланди.

Дам олиш масканларида:

➖ вазирлик тизими ходимлари ҳамда илғор педагоглар учун — сентябр-май ойларида;
➖ иқтидорли ўқувчилар учун — июн-август ойларида 12 кунлик дам олиш кунлари белгиланади.

Йўлланмалар саралаш мезонлари асосида тақсимланади ҳамда энг юқори натижаларга эришган вазирлик тизими ходимлари, педагог кадрлар ҳамда иқтидорли ўқувчиларга кетма-кетлик асосида бепул йўлланма берилади.

Масканларда дам олувчи илғор педагоглар қуйидаги мезонлар асосида танлаб олинади:

➖ халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар;
➖ ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган халқаро олимпиадалар ғолиблари;
➖ хорижий тил ва STEAM фанларидан мутахассислиги бўйича халқаро сертификатларга эга ўқитувчилар (TESOL Level 5, SEFR B2, IELTS 6 ва ундан юқори, шунингдек, вазирлик томонидан белгиланадиган бошқа сертификатлар);
➖ асосий олимпиадаларнинг республика босқичи ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар;
➖ республика босқичидаги кўрик-танловларда фахрли ўринларга эга бўлган ўқитувчилар;
➖ олий ва биринчи малака тоифасига эга бошланғич синф ўқитувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари;
➖ асосий олимпиадаларнинг вилоят босқичи ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар.

Масканларда дам олувчи иқтидорли ўқувчилар (7-14 ёш) қуйидаги мезонлар асосида танлаб олинади:

➖ асосий олимпиаданинг учинчи ва тўртинчи босқичларида фанлар кесимида 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар;
➖ минтақавий халқаро олимпиадалар ғолиблари;
➖ нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этган ўқувчилар;
➖ халқаро танлов, фестиваль ва мусобақа ғолиблари;
➖ республика даражасидаги ташкилотлар томонидан ташкил этилган турли кўрик-танловлар ва мусобақаларнинг республика босқичи ғолиблари.