АҚШ Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди
Қорабоғдаги шу пайтгача оғир ҳуманитар вазият янада оғирлашади ва минтақада тинчлик ўрнатиш истиқболларига путур етади, деди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.
Қўшма Штатлар Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлардан қаттиқ хавотирда ва уларни зудлик билан тўхтатишга чақиради, деди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 19 сентябр, сешанба куни кечқурун эълон қилган баёнотида.
«Бу ҳаракатлар Қорабоғдаги ҳуманитар вазиятни ёмонлаштириб, тинчлик истиқболига путур етказмоқда. Биз аллақачон айтиб ўтганимиздек, низоларни куч ишлатиш йўли билан ҳал этишни қабул қилиб бўлмайди, бу минтақада муносиб тинчлик ва адолат қарор топиши учун шароит яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларга зиддир», - деб таъкидлайди АҚШ ташқи сиёсат идораси раҳбари. «Биз жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, Боку ва Қорабоғ аҳолиси вакиллари ўртасида мулоқот ўрнатишга чақирамиз», - деди Блинкен.
Арманистон ва Озарбойжон раҳбарлари билан музокаралар
Кейинроқ АҚШ Давлат департаменти вакили Мэттю Миллер хабар қилганидек, Энтони Блинкен 19 сентябр куни Арманистон бош вазири Никол Пашинянга телефон қилган.
Америка дипломатияси раҳбари Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан ҳам телефон орқали мулоқот қилди. «Давлат котиби муаммонинг ҳарбий ечими йўқлигини, томонлар Боку ва Қорабоғдаги этник арманлар ўртасида ҳал этилмаган келишмовчиликларни бартараф этиш учун мулоқотни қайта бошлаши кераклигини таъкидлади», деди Давлат департаменти вакили.
Шу билан бирга, Энтони Блинкен Алиевнинг ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва Озарбойжон вакиллари билан Қорабоғ аҳолиси ўртасида учрашув ўтказишга тайёрлигини таъкидлади, деди Миллер. Ўз навбатида, АҚШ ташқи сиёсат идораси раҳбари ушбу режани тезроқ амалга ошириш зарурлигини билдирган.
Қорабоғдаги операция
19 сентябр куни эрталаб Озарбойжон Қорабоғда «аксилтеррор тадбирлари»ни эълон қилди ва тан олинмаган республика ҳудудини, жумладан, унинг пойтахти Степанакертни ўққа тута бошлади. Шу билан бирга, Боку арман қўшинларини олиб чиқиб кетиш ва минтақада «режим ўзгаришини» талаб қилишини билдирди. Айни пайтда, Ереван Қорабоғ ҳудудида арман ҳарбийлари йўқлигини даъво қилиб, Озарбойжонни «этник тозалаш»да айблайди.
Шу куни кечқурун Ереваннинг марказий майдонида норозилик намойишлари бошланди, унинг иштирокчилари Арманистон бош вазири Пашиняннинг сиёсати Қорабоғдаги ҳозирги вазиятга олиб келганини даъво қилди.
Россиянинг Еревандаги элчихонаси ёнида навбатдаги акция бўлиб ўтди. Йиғилганлар Қорабоғда жойлашган Россия тинчликпарвар кучларидан минтақа аҳолисини Озарбойжондан ҳимоя қилишни талаб этган.
Москванинг Қорабоғда бўлаётган воқеаларга муносабати
Арманистон ҳукумати Россия тинчликпарвар кучлари чоралар кўришини кутмоқда, деди Никол Пашинян.
Ўз навбатида, Москва ҳам Бокуни, ҳам Ереванни қон тўкилишини тўхтатишга, дипломатияга қайтишга ва тинчликпарвар кучлар хавфсизлигини таъминлашга чақирди.
Мавзуга оид
02:48
Сайлов бошланди, кўп овоз олиб ҳам ютқазиш мумкин бўлган сайлов
00:26
Трамп атрофида айланаётган Америка сиёсати: нега бундай бўлди?
21:46 / 05.11.2024
«Трамп президент бўлса, Яқин Шарқдаги вазият қийинлашади» — Камолиддин Раббимов
18:53 / 05.11.2024