Жаҳон | 23:46 / 20.09.2023
9465
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон ўз номзодини БМТ Хавфсизлик Кенгаши муваққат аъзолигига илгари сурди 

Президент Садир Жапаров Қирғизистон тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга тайёр эканини маълум қилди. 

Фото: Akipress

Қирғизистон БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2027-2028 йиллардаги муваққат аъзолигига ўз номзодини илгари сурди. Бу ҳақда мамлакат президенти Садир Жапаров Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясининг умумий муҳокамасида маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги чақириқ ва таҳдидларни ҳал этишда муваффақият қозониш учун самарали халқаро хавфсизлик тизимини барпо этиш зарур. 

«Ушбу механизмнинг асосий элементи БМТ Хавфсизлик Кенгашидир. Бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ бўлиб, ушбу органни янада адолатли ва ваколатли қилиш, қарорлар қабул қилишда консенсусга эришиш қобилиятини ошириш учун унинг фаолияти самарадорлигини ошириш зарур», деди Садир Жапаров. 

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон тинчлик ва хавфсизликни, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни ва тинчлик жараёнларида аёлларнинг тенг иштирокини таъминлашга, ривожланаётган мамлакатлар манфаатларини илгари суриш ва ҳимоя қилишга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр. 

Садир Жапаров давлатлар ўртасидаги муносабатларда ишонч, ҳамжиҳатлик, универсаллик каби тамойилларга амал қилиш зарурлигини таъкидлади. 

БМТ Хавфсизлик Кенгаши 15 та аъзо давлатдан иборат: 5 та доимий ва 10 та муваққат. Доимий аъзолар: Хитой, Россия, Буюк Британия, АҚШ ва Франция, улар «вето ҳуқуқига» эга. 

Муваққат аъзолар ҳар йили 5 тадан икки йил муддатга сайланади. 2022-2023 йилларда Албания, Бразилия, Гана, Габон ва Бирлашган Араб Амирликлари Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоси бўлди. 

2023-2024 йилларда Малта, Мозамбик, Швейцария, Эквадор ва Япония, 2024-2025 йилларда эса Жазоир, Гайана, Словакия, Сиерра-Леоне ва Жанубий Корея муваққат аъзоликка сайланган. 

Мавзуга оид