Дунёнинг биринчи рақамли медиамагнати лавозимидан кетмоқда
Fox News, The Wall Street Journal, The Times ва бошқа кўплаб машҳур ОАВларнинг асосчиси, 70 йиллик фаолияти давомида дунёда энг катта таъсирга эга медиа империяни барпо этган Руперт Мёрдок 92 ёшида иккита асосий компанияси бошқарувини ўғлига топшириб, ўзи фахрий раис лавозимини эгаллашини эълон қилди.
Дунёдаги энг таниқли медиамагнат Руперт Мёрдок Fox Corporation ва News Corp компаниялари раислигини ўғли Лакланга топширишини маълум қилди.
92 ёшли бизнесменнинг компаниялари АҚШ, Буюк Британия ва Австралияда янгиликлар тарқатувчи энг таниқли брендларга эгалик қилади.
Руперт Мёрдок ўз баёнотида компанияларининг ҳолати худди ўзи каби тетик ва соғлом эканини айтаркан, охирги ўн йилликларда улар эришган ютуқлардан фахрланишини таъкидлаган. У ваколатларини ўғлига ноябр ойида расман топширади.
Мёрдок медиа соҳасидаги фаолиятини 22 ёшида, газетачиликдан бошлаган. Ўшанда Австралиянинг Аделаида шаҳридаги иккита газетанинг ярим акциялари унга журналист отасидан мерос бўлиб қолганди. Орадан 70 йил ўтиб, қария Руперт дунёдаги энг катта таъсирга эга медиамагнат сифатида истеъфога чиқмоқда.
Инвестор Fox Corporation ва News Corp'да фахрий раис лавозимларини эгалламоқчи. “Ўзимнинг бутун касбий ҳаётимда ҳар куни янгиликлар ва ғоялар билан банд бўлдим, бу жиҳатдан менда ҳеч нарса ўзгармай қолади”, – дея янги лавозимига изоҳ берган Руперт Мёрдок. У ўғли Лахланни “шижоатли, принципиал етакчи” деб таърифлаган.
Мёрдок истеъфоси муносабати билан компаниялари ходимларига ёзган хатида, “газеталаримизни тарқатувчи юк машиналари ҳайдовчиларига, биз офисдан кетаётган пайтда ишини давом эттираётган бўладиган фаррошларга, бизни қўллаб-қувватлайдиган ёрдамчиларга ҳамда камералар ёки компютер кодлари ортидаги тажрибали операторларимизга” миннатдорчилик билдирган.
Руперт Мёрдок 1931 йилда Австралиянинг Мелбурн шаҳрида туғилган. У News Corp номли компанияси орқали дунё бўйлаб юзлаб маҳаллий, миллий ва халқаро миқёсдаги оммавий ахборот воситаларига эгалик қилади. Британиядаги The Sun ва The Times, Австралиядаги The Daily Telegraph, Herald Sun ва The Australian, АҚШдаги The Wall Street Journal, New York Post ва HarperCollins (нашриёт) шулар жумласидан.
Мёрдок 1996 йилда асос солган Fox News АҚШда энг кўп кўриладиган янгиликлар телеканали саналади. У, шунингдек, Австралиядаги Sky News Australia телеканалига ҳам эгалик қилади. 2018 йилгача Британиянинг Sky медиа ва коммуникациялар конгломерати, 2019 йилгача Американинг 21st Century Fox видеомаҳсулотлар конгломерати ҳам Руперт Мёрдокка тегишли эди.
Forbes'нинг сўнгги рейтингига кўра, Руперт Мёрдок ва унинг оиласи 17,1 млрд доллар қийматдаги бойликнинг эгаси сифатида дунёдаги 99-энг бадавлат одам саналади.
Медиамагнатнинг истеъфоси Fox корпорацияси учун муаммоли йилга тўғри келмоқда. Корпорация апрел ойида Dominion компаниясига 787,4 млн доллар тўлашга рози бўлган. Электрон овоз бериш тизимларини ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи бу компания АҚШдаги 2020 йилги президентлик сайловининг Fox томонидан ёритилишидаги хатоларни деб уни судга берган эди.
Айни пайтда Fox News устидан яна бир иш бўйича ҳуқуқий жараёнлар кетяпти. Овоз бериш технологиясини етказиб берувчи яна бир фирма –Smartmatic телекомпаниядан бундан-да улкан сумма – 2,7 млрд доллар ундирмоқчи.
Отасининг ўрнини эгаллайдиган Лаклан Мёрдок – 1971 йилда туғилган, Рупертнинг иккинчи ўғли. У 21st Century Fox компаниясининг ташкил этилишида катта ҳисса қўшгани айтилади. У Fox'нинг молиявий жиҳатдан оммавий компанияга айланиш жараёнига раҳбарлик қилган. Фаолияти давомида жаҳоннинг таниқли нашрларида инвестициялар ва ташкилий масалалар бўйича ишлаб тажриба орттирган. Australian Financial Review унинг шахсий капиталини тахминан 3,3 млрд долларга баҳолаган.
Мавзуга оид
02:48
Сайлов бошланди, кўп овоз олиб ҳам ютқазиш мумкин бўлган сайлов
00:26
Трамп атрофида айланаётган Америка сиёсати: нега бундай бўлди?
21:46 / 05.11.2024
«Трамп президент бўлса, Яқин Шарқдаги вазият қийинлашади» — Камолиддин Раббимов
18:53 / 05.11.2024