Тил халқнинг ҳаёти билан доимо таъсирлашувда туради. Шунинг учун халқ турмушидаги ўзгаришлар ва янгиланишларни акс эттириши табиий кечади. Тилдан ташқарида юз берадиган ўзгаришларнинг тилга таъсири шу даражада каттаки, у миллий дунёқарашнинг янгиланишига, миллий менталитетнинг ўзгаришига ҳам сабаб бўлади. Масалан, ислом динининг Ўрта Осиёда кенг тарқалиши ва сингиши ерли халқлар маънавий ҳаётининг барча соҳаларида бўлгани каби уларнинг болани номлаш одатлари ҳамда анъаналарига ҳам катта таъсир кўрсатди. ХХ асрнинг биринчи чорагидан бошланиб қарийб етмиш йил давом этган шўро мафкураси, советча тутум, янгича иқтисодий сиёсат ўзбек халқининг минг йиллик ҳаёт тарзини кескин ўзгартирди, асосан исломий ақидалар таъсирида яшаган ўзбеклар ҳаётга советча кўз билан қарашга ўтди. Мафкуравий таъсирлар орқали халқнинг бутун ақлий-руҳий оламига кириб бориш йўлидан борилди. Ва бундай таъсирлар чоракам бир аср давом этди.

Шўроча дунёқараш таъсири ўзбек исмчилигида илгари кўрилмаган Маркс, Фрунзе, Фидел, Марлен, Инқилоб, Октябр сингари исмларни юзага келтирди. Ҳозир бирмунча ғалати туюладиган мазкур исмлар фақат шаҳарлик ўзбек оилаларидагина эмас, марказдан узоқда истиқомат қиладиган оилалар фарзандларига ҳам исм сифатида қўйилди. Кимдир ўша даврнинг алломаларига ҳавас қилиб, яна кимдир ўша даврнинг муҳим сиёсий воқеалари арафасида туғилгани учун, яна кимдир ўз эътиқодининг рамзи сифатида, бошқа бири кимларгадир тақлид қилиб фарзандига шундай исмларни танлаган. Диққат қилинса, советча исмларни қўйган кишилар дунёқарашида шундай тутум нормал ҳолат саналган.

Таниқли ёзувчи Аҳмад Аъзам бир ҳикоясида Марлен исмли кишининг тилидан ўз исмининг қўйилишига сабаб бўлган яна бир мотивни беради. Ушбу мотив ўша даврда айрим кишиларда шаклланган дунёқарашни ва бундай дунёқарашнинг исм беришга таъсирини кўрсатади: Ҳа, айтганча, аввал танишиб олайлик, менинг отим Марлен, йўқ, бошқа миллатдан эмас, ўзбекман, шу, отамиз анув қама-қама йиллари кўп азоб тортиб (шу ҳозир аниқ эсимда қолмабди, бобоси қамалиб йўқ бўлиб кетганми, отасими, ишқилиб, репрессияни бошидан ўтказган), ҳукуматга яхши кўринмасам бўлмайди деб, отимни Маркс билан Лениннинг қисқартмаси қилиб Марлен қўйган... («Марлен деган одам» ҳикоясидан)

Мафкуранинг дунёқарашга, тилга таъсири аниқ ва бу таъсирлашув мунтазам давом этади. Шу маънода тилшуносларимиздан бири октябрь инқилоби шарафига