Жаҳон | 22:19 / 22.09.2023
14689
2 дақиқада ўқилади

Тоғли Қорабоғ қўшинлари қурол-яроғ ва ҳарбий техника топширишни бошлади 

Бу Озарбойжон расмийлари билан тузилган сулҳ шартларидан бири эди. 

Фото: Getty Images

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси қуролли қисмлари қурол-яроғ ва ҳарбий техникани Озарбойжон расмийларига топширишни бошлади. Бу ҳақда РИА Новости Россия Мудофаа вазирлигига таяниб хабар берди. 

«Эришилган келишувларга мувофиқ, Қорабоғ қуролли тузилмалари Россия тинчликпарвар кучлари назорати остида қурол-яроғларни топширишни бошлади», дейилади хабарда. 

Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 6 та зирҳли техника, 800 дан ортиқ ўқ отувчи ва танкка қарши қуроллар, шунингдек, 5 мингга яқин ўқ-дорилар топширилган. 

Бундан ташқари, Россия тинчликпарвар кучлари томонидан Тоғли Қорабоғнинг тинч аҳолиси учун, Лочин йўлаги орқали 50 тоннадан ортиқ гуманитар юк етказиб берилгани ҳақида хабар берилди. Йўлак 10 ойдан бери ёпиб қўйилган эди. 

19 сентябр куни Озарбойжон Тоғли Қорабоғда «конституциявий тузумни тиклаш» мақсадида «маҳаллий характердаги аксилтеррор чоралари» бошланганини эълон қилди ва тан олинмаган республика ҳудудини ўққа тутди. Эртаси куни ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилди – шартлардан бири Тоғли Қорабоғ армиясини қуролсизлантириш эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид