Жаҳон | 08:44 / 22.09.2023
4674
3 дақиқада ўқилади

Зеленский АҚШ Конгресси вакиллари билан учрашди

Украина президенти конгрессменлар ва сенаторлар билан Киевга ҳарбий ёрдамни кенгайтириш масаласини муҳокама қилди. АҚШ президенти Байден Конгрессдан Украинага 24 миллиард долларлик янги ёрдам пакети ажратишни сўради.

Фото: Reuters

Украина президенти Володимир Зеленский 21 сентябр, пайшанба куни Вашингтонга ташрифи аввалида АҚШ Конгресси вакиллари билан учрашди. Вакиллар палатаси ва Сенат аъзолари билан музокараларда Зеленский Россиядан ҳимояланиш учун Американинг Киевга ҳарбий ёрдамини кенгайтириш масаласини муҳокама қилди.

Сенатдаги кўпчилик етакчиси Чак Шумернинг сўзларига кўра, Володимир Зеленский унга Украина зарур ёрдам олмаса, урушда мағлуб бўлиши мумкинлигини айтган. «Ягона бир жумла барчасига хулоса ясади ва мен уни сўзма сўз келтираман. Жаноб Зеленский қуйидагиларни айтди: «Агар ёрдам бўлмаса, урушда ютқазамиз», деди сенатор.

Ўз навбатида, Вакиллар палатасининг ташқи сиёсат қўмитасига раҳбарлик қилувчи республикачи Майкл Макколнинг таъкидлашича, Зеленский АҚШ ўз мамлакати ғалаба қозонишига ёрдам беришига ишонч билдирган. Маккол, шунингдек, Украина президенти, биринчи навбатда, Киевга F-16 қирувчи самолётлари ва ATACMS ракеталарини етказиб беришни сўраганини айтди.

АҚШ президенти Жо Байден Конгрессдан Украинага 24 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлашни сўради, бу эса Вакиллар палатасида кўпчиликни ташкил этувчи мухолиф республикачиларнинг норозилигига сабаб бўлди. Конгресс билан бюджет бўйича музокаралар ҳозирда ниҳоятда қийин кечмоқда. 

Оқ уйда Байден билан учрашув

Конгрессга ташриф буюрганидан сўнг Володимир Зеленский АҚШ Мудофаа вазирлигига борди ва у ерда Пентагон раҳбари Ллойд Остин билан учрашди. Унинг Оқ уйда Жо Байден билан музокаралари ҳам бўлиб ўтди. Украина президенти, бошқа нарсалар қатори, узоқ масофали ракеталарни Киевга топширишни сўрамоқда, аммо Қўшма Штатлар, худди Германия каби, бунга ҳали ҳам вазминлик билан муносабатда билдирмоқда. 

Қўшма Штатлар Украинанинг энг йирик тарафдори ҳисобланади ва Киевга ўнлаб миллиард долларлик қурол-яроғ етказиб берган. Зеленский ўтган йилнинг декабр ойида Вашингтонга келган ва АҚШ Конгрессида нутқ сўзлаган. Бу унинг 2022 йил февралида Россия ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан бери хорижга биринчи сафари эди.

Конгрессменлар ва Байден билан жорий учрашув учун Володимир Зеленский БМТ Бош ассамблеясидаги дебатларда қатнашиб, Ню-Йоркдан Вашингтонга келди. Бир кун олдин у Бош ассамблея ва БМТ Хавфсизлик кенгашида нутқ сўзлади. 

Мавзуга оид