Ўзбекистон | 21:29 / 23.09.2023
20095
2 дақиқада ўқилади

АҚШда ўзбекзабон шахслар одам ўғирлаганликда айбланиб, ҳибсга олинди

Полиция уларни одам ўғирлаб, 2 минг доллар ундирганликда айблаган. Улар айбловларни инкор қилмоқда.

27 ёшли Умида Фозилова, 27 ёшли Баҳодир Исроилов, 22 ёшли Баҳромжон Исроилов ва 23 ёшли Қобил Маҳмудов 22 сентябр куни одам ўғирлашда айбланиб, АҚШ Оҳайо штати, Ҳамилтон округи, Блю-Эш полицияси томонидан ҳибсга олинди.

Суд ҳужжатларида қайд қилинишича, 21 сентябр куни улар жабрланувчини Интернет орқали Extended Stay of America меҳмонхонаси автомобиллар тўхташ жойига чақириб, микроавтобусга мажбуран ўтқазиб, Шаронвилл шаҳридаги квартирасига олиб боришган. Сўнгра оёқ-қўлини боғлаб, қариндошларидан пул жўнатишини сўрашга мажбурлаб, дўппослашган.

Қариндошларидан бири 2000 доллар юборгач, уни қўйиб юборишган. Агар полицияга қўнғироқ қилса, ҳаёти хавф остида қолишидан огоҳлантиришган.

Полиция жабрланувчининг аризаси ва «ижтимоий тармоқдаги ёзишмалар» асосида айблов эълон қилган. Улар нима ҳақда ёзишгани хабарда келтирилмаган.

Судда айбланувчиларга таржимон ёрдам берган ва улар ўзбек тилида гаплашгани айтилмоқда. Уларнинг фуқаролигига аниқлик киритилмаган.

Адвокатларнинг таъкидлашича, жабрланувчи гумондорлардан қарздор бўлган ва қарзини қайтармаслик учун «ўзини ўғирлаб кетишгани ҳақида уйдирма тўқиган».

Энди айбланувчилар 2 октябр куни катта суд маҳкамасида олдида сўроққа тутилади.

 

Мавзуга оид