Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия 2024 йилда ҳарбий харажатларни деярли икки баравар оширади
Янги йилда Россия тарихида биринчи марта армияга сарфланган харажатлар пенсиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловларни ўз ичига олган «Ижтимоий сиёсат» банди бўйича харажатлардан ошиб кетади.
Россия ҳукумати мудофаа харажатларини 2024 йилда ЯИМнинг ҳозирги 3,9 фоизидан 6 фоизигача ошириш ниятида, деб хабар берди Bloomberg 22 сентябр, жума куни бюджет режалари лойиҳалари нусхаларига таяниб. Мутлақ ҳисобда мудофаа харажатлари 6,4 триллиондан 10,8 триллион рублгача ошади. Агентликнинг эслатишича, урушдан олдинги 2021 йилда Кремлнинг мудофаа харажатлари 3,6 триллион рублни ташкил қилган.
Эътиборлиси, келгуси йилда ижтимоий сиёсатга 7,5 триллион рубл (2023 йилда - 6,5 триллион) сарфлаш режалаштирилган. Шу тариқа, Faridaily Telegram-каналида қайд этилишича, 2024 йилда Россия тарихида биринчи марта армияга сарфланган маблағ пенсиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловларни ўз ичига олган «Ижтимоий сиёсат» банди бўйича харажатлардан ошиб кетади.
Bloomberg маълумотларига кўра, муҳим қисми уруш билан боғлиқ бўлган таснифланган бюджет бандлари бўйича харажатлар 6,5 триллиондан 11,1 триллион рублгача ошади ва барча бюджет харажатларининг учдан бир қисмини ташкил қилади.
Бундан ташқари, Россия ҳукумати миллий хавфсизликни таъминлашга сарфланадиган харажатларни бироз оширишни, шу билан бирга, таълим ва соғлиқни сақлашга сарфланадиган харажатларни бир хил даражада – мос равишда 1,5 ва 1,6 триллион рубл даражасида сақлашни режалаштирмоқда.
Санкцияларга қарамай, даромаднинг ўсиши
Бюджет лойиҳаси келгуси йилда жами харажатларни 36,6 триллион рубл миқдорида прогноз қилмоқда - бу йилгидан 15 фоизга кўп. Шу билан бирга, деб ёзади Bloomberg, ҳарбий харажатлар кескин ошгани ва санкцияларга қарамай, Россия ҳукумати бюджет даромадлари 35 триллион рублдан кўпроқни ташкил этишини кутмоқда - бу 2023 йилга нисбатан 22 фоизга кўп. Ҳужжатга кўра, 2024 йилда бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 0,9 фоизини ташкил қилади.
Август ойида Reuters агентлиги 2023 йилнинг биринчи олти ойида Россия ҳарбий эҳтиёжлар учун 5,59 триллион рубл ажратганини ёзган эди. Шу билан бирга, мудофаа учун бюджетдан атиги 4,98 триллион рубл ажратилган. Шу муносабат билан Россия ҳукумати «Мудофаа» банди бўйича мақсадли харажатларни икки баравар оширишга қарор қилди, у 9,7 триллион рублга етди, деб ёзади агентлик.
Май ойида The Bell «Электрон бюджет» федерал портали маълумотларига асосланиб, махфий бюджет харажатлари 3 триллион рублдан ошгани ва харажатлар таркибида биринчи ўринни эгаллаганини ҳисоблаб чиқди. Кўп ўтмай, Молия вазирлигининг операцион харажатлари ҳақидаги маълумотлар порталдан йўқолди.
Мавзуга оид
08:22 / 25.06.2026
Дунё армияларида аёллар улуши: кутилмаган етакчилар кимлар?
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
21:06 / 25.05.2026
Путин россияликлар ҳимояси учун хорижда армиядан фойдаланишга рухсат берувчи қонунни имзолади
08:03 / 16.05.2026