Жаҳон | 22:42 / 27.09.2023
13204
3 дақиқада ўқилади

Россияда Жануби-Шарқий Осиёдан мигрантлар оқимини ошириш таклиф этилди 

Меҳнат ресурсларига бўлган эҳтиёжни МДҲ фуқаролари ҳисобидан қондириш имконсиз экани айтилмоқда. 

Фото: iarex.ru

Бизнес-омбудсман Борис Титов президент Владимир Путинга мурожаат қилиб, виза талаб қилинадиган давлат фуқаролари учун меҳнат миграцияси механизмини соддалаштиришни таклиф қилди. Бу ҳақда РБК ёзди. 

Омбудсман сўзларига кўра, гап Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари, жумладан: Виетнам, Камбожа, Лаос, Мянма, Таиланд, Бруней, Шарқий Тимор, Филиппин, Малайзия, Индонезия ва Сингапур ҳақида кетмоқда. Ушбу минтақада 655 миллион киши ёки дунё аҳолисининг қарийб 8 фоизи истиқомат қилади. 

«Ўсиб бораётган иқтисод мисли кўрилмаган даражада ишчи кучи етишмовчилигига дуч келмоқда. Энди МДҲ фуқаролари ҳисобидан меҳнат ресурсларига бўлган эҳтиёжни қондиришнинг иложи бўлмагани учун, виза режимига эга мамлакатлардан хорижий ишчи кучини кенг жалб этиш орқали бозорини тўлдириш мумкин», дейилади Титов мактубида. 

Шунингдек, Титовнинг таклифлари орасида қуйидагилар ҳам бор:

- Россияга виза режимига эга давлатлардан бир йилдан кам муддатга келган ишчилар учун меҳнат рухсатномасини патент бериш билан алмаштириш;

- Улар учун Россияга келганидан кейин 30 кун ичида тиббий кўрикдан ўтиш ва бармоқ изини рўйхатдан ўтказиш талабини белгилаш, аммо рус тили, тарихи ва ҳуқуқ асослари бўйича имтиҳон топшириш талабини бекор қилиш;

- иш берувчининг илтимосига биноан меҳнат мигрантлари гуруҳлари учун виза беришни онлайн тарзда ўтказиш. 

«Кадрлар соҳасида бизга самарали чоралар керак. Бугун миллий ўзликни ҳимоя қилиш ҳақида кўп гапирилмоқда, бунинг фонида, аксинча, энг яқин қўшниларимиз учун кириш тартибини кучайтириш ва бошқа таклифлар мавжуд. Аммо бундай қадамларнинг маданий маънодаги барча афзалликларига қарамай, агар иқтисодчининг ҳушёр нигоҳи билан қаралса,  улар мутлақо нореал бўлиб қолади. Ишчи кучи тақчиллиги аллақачон пул-кредит сиёсатида қарор қабул қилиш йўлидаги асосий тўсиқ сифатида тан олинган ва бу муаммони ҳал қилмасак, иқтисодиёт тўхтаб қолади», деди Титов. 

Бизнес-омбудсман маълумотларига кўра, Иқтисодий ўсиш институти томонидан ўтказилган сўровномада 54 фоиз тадбиркор ишчи кучи етишмаслигини айтган. 

Россияда ишчи кучи танқислиги муаммоси COVID-19 пандемияси даврида авжига чиқди. Украинада уруш бошлангач ва оммавий сафарбарлик эълон қилингач эса ўта жиддий тус олди. Бундан ташқари, рублнинг ҳозирги заифлашиши ҳам Россия бозорининг меҳнат мигрантлари учун жозибадорлигини янада камайтирди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид