Жаҳон | 08:56 / 28.09.2023
4217
3 дақиқада ўқилади

Украина УЕФАнинг россиялик ўсмирларга мусобақада қатнашишга рухсат берганини қоралади

УЕФА ижроия қўмитаси 17 ёшгача футболчилари бўлган Россия миллий жамоаларига ўз турнирларида иштирок этишга рухсат берди. Украина футбол ассоциацияси бу Украинадаги уруш муносабати билан Россия сиёсатини маъқуллаш қарори эканини билдирди.

Фото: Oliver Zimmermann/foto2press/picture alliance

Украина футбол ассоциацияси (УАФ) Европа футбол ассоциациялари иттифоқининг (УЕФА) 17 ёшгача бўлган футболчилар ўйнайдиган Россия миллий жамоаларига ўз мусобақаларида иштирок этишига рухсат бериш ҳақидаги қарорини қоралади. «Ишончимиз комилки, Россия томонидан Украинага қарши олиб борилаётган жанговар ҳаракатлар шароитида мусобақаларда иштирок этиш учун Россиядан жамоаларни босқичма-босқич қайтариш бўйича бундай қарорларнинг қабул қилиниши асоссиз ва Россиянинг агрессив сиёсатига эътиборсизликдан дарак беради», дейилади 26 сентябр, сешанба куни чоп этилган УАФ баёнотида.

Украина томони УЕФА ва Халқаро футбол федерациясининг (ФИФА) ҳар қандай Россия миллий жамоасининг ушбу ташкилотлар шафелигидаги халқаро мусобақаларда иштирок этишига йўл қўймаслик ҳақидаги аввалги қарорларини сақлаб қолишни талаб қилмоқда. УАФ Россия жамоалари иштирокидаги мусобақаларда иштирок этиш ниятида эмас ва УЕФАга аъзо бошқа ассоциацияларни Россия футболчилари иштирокидаги ўйинларни бойкот қилишга чақирди. 

Англия ва Полша Россия ўсмирлари билан ўйинларга бойкот эълон қилди 

Айни пайтда, Англиянинг ўсмирлар миллий жамоаси халқаро мусобақаларга йўл олган россиялик тенгдошлари билан ўйнашдан бош тортади, деб ёзади Британиянинг The Times газетаси Англия футбол ассоциацияси вакилига таяниб. «Биз Россияни УЕФА мусобақаларига қайтадан қабул қилиш позициясини қўллаб-қувватламаймиз ва позициямиз ўзгаришсиз қолмоқда: Англия жамоалари Россияга қарши ўйнамайди», - дея ассоциация вакилининг сўзларидан иқтибос келтирган нашр.  

Полша футбол иттифоқи ҳам россиялик футболчилар билан ўйинларни бойкот қилишга қарор қилди, деб ёзади Reuters ташкилотга таяниб. 

26 сентябр куни УЕФА ижроия қўмитаси Россиянинг 17 ёшгача бўлган миллий жамоасига жорий мавсумда халқаро мусобақаларда иштирок этишига рухсат беришга қарор қилди. «УЕФА болалар фақат катталар жавобгар бўлган ҳаракатлар учун жазоланмаслиги кераклигини тан олади ва футбол ҳеч қачон тинчлик ва умид хабарларини юборишдан тўхтамаслиги кераклигига қатъий ишонади», — дейилади ташкилот хабарида. Шу билан бирга, Россия ўсмирлари иштирокидаги ўйинлар Россия байроғи ва мадҳиясисиз ўтказилади, дея қўшимча қилди УЕФА. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид