Жаҳон | 09:35 / 29.09.2023
5573
2 дақиқада ўқилади

Боку Қорабоғ арманларини кўп миллатли Озарбойжоннинг бир қисми бўлишга чақирди

Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги Арманистон бош вазирининг Қорабоғдаги «этник тозалаш» ҳақидаги баёнотини рад этди.

Фото: AP

Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги арманларни яшаш жойини тарк этмасликка ва кўп миллатли республика таркибига киришга чақиради.

Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг республиканинг Қорабоғ минтақасида гўёки «этник тозалаш» ўтказаётгани ҳақидаги баёнотини қатъиян рад этди ва қоралади.

Маҳкаманинг таъкидлашича, Пашиняннинг баёноти 21 сентябр куни Озарбойжондан арман аҳолисига таҳдид йўқлиги ҳақидаги нутқига зид келади, шунингдек, Озарбойжоннинг инсонпарварлик ёрдами ва реинтеграция борасидаги саъй-ҳаракатларига ҳамда Боку ва Ереван ўртасида тинчлик ўрнатиш истиқболларига путур етказади.

«Арманистон раҳбарияти расмий Боку Озарбойжоннинг Қорабоғ минтақасидаги арман аҳолиси зарур ва шошилинч эҳтиёжларини қондириш бўйича зарур чора-тадбирларни тезда амалга ошира бошлаганини пайқамаяпти», — дея таъкидлади ТИВ.

Маҳкама таъкидлашича, Арманистон ҳукумати раҳбари «Арманистон аҳолисининг Озарбойжоннинг Қорабоғ минтақасидан чиқиб кетиши уларнинг шахсий қарори эканини ва бунинг мажбурий кўчиришга алоқаси йўқлигини яхши билади».

«Агар Арманистон аҳолисининг айрим қатламлари Озарбойжон қонунчилигига мувофиқ яшашни истамаса, биз уларни бунга мажбурлай олмаймиз. Аксинча, арманларни яшаш жойларини тарк этмасликка ва кўп миллатли Озарбойжон таркибига киришга чақирамиз», — дейилади баёнотда.

ТИВ минтақада тинчлик ва хавфсизликни ўрнатиш учун Арманистон маҳаллий арманларнинг қайта интеграциялашувига тўсқинлик қилишни тўхтатиб, Озарбойжон билан ҳудудий яхлитлик ва суверенитет асосида тинчлик шартномасини тузиш бўйича музокаралар жараёнини муваффақиятли якунлашга эътибор қаратиши кераклигини таъкидлади. 

Мавзуга оид