Жаҳон | 08:37 / 29.09.2023
2149
2 дақиқада ўқилади

Россияда «экстремизм тарғиботи» учун жиноий жавобгарлик жорий этилади

Агар қонун қабул қилинса, жавобгарлик нафақат экстремизмга чақириқлар, балки уни «оммавий асослаш» ва «тарғибот» учун ҳам қўлланади. Ушбу моддада беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Фото: Picture Alliance

Россия Давлат думаси депутатлари 28 сентябр, пайшанба куни биринчи ўқишда «экстремизмни оммавий оқлаш ва тарғиб қилиш» учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилди, деб хабар берди Россия парламенти қуйи палатаси матбуот хизмати.

Қонун лойиҳаси билан Жиноят кодексининг амалдаги 280-моддасига («Экстремизмга оммавий даъват») ўзгартиришлар киритилади. Улар қабул қилинган тақдирда, жавобгарлик нафақат экстремизмга чақириқлар, балки уни «оммавий асослаш» ва «тарғибот» учун ҳам қўлланади. Моддада 300 минг рублгача жарима ва беш йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.

«Экстремизмни оқлаш» деганда қонун лойиҳаси муаллифлари «экстремизм мафкураси ва амалиётини тўғри ва қўллаб-қувватлашга муҳтож, деб эътироф этувчи оммавий баёнот»ни назарда тутади. «Экстремизм тарғиботи» «экстремизм мафкурасини яратишга, унинг жозибадорлигига ишонч ҳосил қилишга ёки экстремистик фаолиятни амалга ошириш мумкинлиги ҳақидаги ғояларни шакллантиришга қаратилган материаллар ва маълумотларни тарқатиш» ҳисобланади.

Россия Жиноят кодексида аллақачон шунга ўхшаш модда мавжуд - Жиноят кодексининг 205.2-моддаси («Террорчилик фаолиятига оммавий чақириқлар, терроризмни оммавий равишда оқлаш ёки терроризмни тарғиб қилиш»), у етти йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади. Унга кўра, хусусан, москвалик фаол Михаил Кригер етти йилга озодликдан маҳрум этилган. Режиссёр Евгения Беркович ва драматург Светлана Петрийчук худди шу модда бўйича «Финист сарлочин» спектакли учун айбланмоқда, деб эслатади «Новая газета Европа».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид