Жаҳон | 13:46 / 30.09.2023
4814
3 дақиқада ўқилади

Словакияда сайловлар: фаворитлар орасида - Киевга ёрдам кўрсатишга қарши партия

Словакияда бўлиб ўтаётган парламент сайловларида асосий кураш «Йўналиш – социал-демократия» партияси ва либерал «Прогрессив Словакия» партиясининг ўнг қанот популистлари ўртасида бўлиши кутилмоқда. 

Фото: Reuters

Словакияда 30 сентябр, шанба куни бўлиб ўтаётган навбатдан ташқари парламент сайловлари натижалари ушбу НАТО давлатининг ташқи сиёсати, шунингдек, Украинага ўзини ҳимоя қиладиган ёрдам миқдори учун ҳал қилувчи бўлиши мумкин. Словакия парламентидаги ўринлар учун 25 та сиёсий партия курашмоқда. Бироқ, сўнгги сўровларга кўра, сайлов участкаларида асосий кураш россияпараст собиқ бош вазир Роберт Фицонинг популистик «Йўналиш – социал-демократия» партияси ва Европа парламенти раиси ўринбосари Михал Симекнинг «Прогрессив Словакия» европапараст либерал партияси ўртасида бўлади.

Тахминларга кўра, ҳар икки партия тахминан 20 фоиз овоз олади ва шунинг учун уларнинг ҳеч бири мутлақ кўпчиликка таяна олмай, коалиция бўйича шерикларни қидиришга мажбур бўлади. Бундай шерик бўлишнинг энг катта имконияти Словакия собиқ бош вазири Петер Пеллегринининг 13,7 фоиз овоз олиши мумкин бўлган «Овоз» партиясидир. «Оддий халқ ва оддий фуқаролар» партияси ҳам эътиборни тортади, уни сайловчиларнинг 8,2 фоизи қўллаб-қувватлаши мумкин.

Роберт Фицонинг Украинага қарши сиёсати

Бунгача Словакия ҳукуматини бошқарган Роберт Фицо 2018 йилда ёш тадқиқотчи журналист Ян Куциакнинг ўлдирилиши ортидан коррупцияга оид айбловлар туфайли бош вазир лавозимини тарк этишга мажбур бўлган эди. Кузатувчилар фикрича, унинг ҳокимиятга қайтиши Братиславанинг ғарбпараст йўналишдан воз кечишини англатади. Хусусан, Фицонинг сайловолди ваъдаларидан бири - Украинага ҳарбий ёрдамни қисқартириш. Der Tagesspiegel газетаси таъкидлаганидек, ўнг қанот популистлар украиналикларни ўз мамлакатдаги иқтисодий муаммолар ва беқарор сиёсий вазиятга сабабчи деб билади. 

Бироқ, кўплаб сиёсий шарҳловчилар таъкидлашича, сайловчиларнинг учдан бир қисми ҳали бир қарорга келмаган ва уни фақат сайлов куни қабул қилиши эҳтимоли катта.

Словакияда парламент сайловлари учун биринчи экзитполлар худди шу куни маҳаллий вақт билан 20:00 дан кейин (Тошкент вақти билан 23:00) кутилмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид