Ўзбекистон | 07:57 / 03.10.2023
1680
3 дақиқада ўқилади

100 та «Баркамол авлод» мактабларида «STEAM - таълим» лабораторияси ташкил этилади 

Ўқувчилар орасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришга шароит яратиш мақсадида 1500 та хорижий тил тўгараклари ташкил этилади.

“2024 – 2027 йилларда мактабдан ташқари таълимни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар мактабдан ташқари таълим тизимини 2023-2027 йилларда янада ривожлантиришнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

“Баркамол авлод” болалар мактаблари ва унинг тармоқ тўгаракларига умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг 50 фоизини қамраб олиш чорасини кўриш;

ўқувчилар орасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришга шароит яратиш мақсадида 1500 та хорижий тил тўгаракларини ташкил этиш;

“STEAM - таълим” дастури асосида ўтказиладиган машғулотларга хусусий секторни жалб қилиш орқали тўгарак аъзолари сонини 2 бараварга ошириш;

100 та “Баркамол авлод” болалар мактабларида босқичма-босқич “STEAM - таълим” лабораториясини ташкил этиш;

мактаблар фаолиятини рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш;

ўқувчиларга туризм салоҳияти юқори бўлган ҳудудлардаги туризм объектлари билан яқиндан таништиришга қаратилган онлайн туризм-виртуал майдонларини ташкил этиш.

Белгиланишича:

а) 2024 йил 1 январдан туман (шаҳар) “Баркамол авлод” болалар мактабларидаги 1 штат бирлик услубчи лавозимини қисқартириш ҳисобига 1 штат бирликда бухгалтер штати жорий этилади.

Бунда, 2024 йил 1 январдан бошлаб туман (шаҳар) “Баркамол авлод” болалар мактабларига марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати томонидан хизмат кўрсатиш тўхтатилади.

2024 йил 1 февралдан бошлаб:

“Баркамол авлод” болалар мактаблари тўгарак аъзоларининг IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари доирасида ҳар йили 200 млн сўмгача бўлган грантлар ажратилади.

2024 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир йўналиш бўйича халқаро тадбирларда ғолиб бўлган “Баркамол авлод” болалар мактаблари тўгарак аъзолари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг қуйидаги миқдорида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирлаш тавсия этилади:

1-ўрин учун – 20 бараварида;
2-ўрин учун – 15 бараварида;
3-ўрин учун – 10 бараварида;
лауреат учун – 8 бараварида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид