Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ҳозирги тартибда фермер кластердан барибир катта қарздорлик билан чиқади” – таҳлилчилар пахтачиликдаги чала эркин бозор ҳақида
Kun.uz мухбири Ўзбекистонда пахтачилик ва унда бозор механизмларини жорий қилиш зарурати масаласида таҳлилчи ва амалиётчилар иштирокида суҳбат ташкил қилди.
Суҳбатда иштирок этганлар соғлом бозор механизмлари учун кластерларга рақобатчи тизим кераклиги ва бу тизим фақат кооперативлар бўла олиши ҳақида гапиришди.
Камолиддин Икромов, фермер
— Ўзбекистонда кластерлар учун рақобатли тизим йўқ, рақобат бўлиши учун бошқа алтернатив тизим бўлиши керак, бу — кооперативлар. Ким кластер билан ишлагиси келмаса, кооперативларга бирлашади. Ўзи бундай кооперативлар тузиш бизда ҳам бошланган. Кластерлар ўзини ўнглаб кетиши учун ҳам рақобатчи керак. Кооперативлар бутун дунёда ишлайди ва ўзини оқлаб келмоқда. 1993 йилда қабул қилинган, 1998 йилда қайта ишланган қонунимизга кўра, кооперативлар тузиш мумкин. Яқинда яна янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лекин кооперативларнинг ривожланиб, оммалашиб кетиши, рақобат муҳити айрим маҳаллий мутасаддиларга ёқмайди. Ва жиддий қаршилик кўрсатишяпти. Чунки баъзи маҳаллий ҳокимликлар кластерларни жиловлаб олган, хоҳлаганча ишига аралашади. Маҳаллий ҳокимликлар кластерлар ишига аралашиши мумкин эмас, деб кластерлар тўғрисидаги қарорда ҳам белгилаб қўйилган. Аммо бу давом этмоқда.
Бундай мутасаддилар кооперативлар ривожланиб кетса, кластерлар тизими банкрот бўлади, ҳамма фермерлар кооперативларга ўтиб кетади дейишяпти. Кластерлар олган кредитларини тўлолмай қолади бундай ҳолатда, деб юқорига сигнал беришяпти. Аслида бундай эмас. Чунки кооперативларда ҳамма фермер ҳам ишлолмайди, кластер билан ишлайдиганлари ҳам кўп. Рақобат муҳити пайдо бўлади. Масалан, ўзим билганим, Андижонда ёки Элликқалъа туманида яхши ишлаяпти кооперативлар ва ўша ерда кластерлар ҳам ишламоқда.
Президентнинг шу масаладаги 4633-сонли қарори иккинчи бўлими “b” кичик бандида кластерлар йўқ ҳудудда фермерлар кооператив тузиб, ўша ердаги заводларни юритиши керак, дейилган. Лекин маҳаллий мутасаддилар мана шу бандни ўзига мос қилиб ўгирган ҳолда, бошқа ташкилот орқали кооперативларни судга беряпти, яъни кластер бор жойда кооператив тузиш мумкинмас, дейишяпти. Ҳаттоки баъзи маҳаллий инстанция судларида ютишди ҳам. Умуман, мана шундай кооперативларга қаршилик айрим мансабдорларнинг шахсий принципидан келиб чиқиб бўляпти. Чунки кластерга кооперативлар рақобатчи бўлиб кирса, ўша мансабдорлар кластерга таъсирини йўқотиб қўяди, аралашолмай қолади. Чунки соғлом бозор муҳитида ортиқча бюрократия бўлмайди.

Яна бир нарса бор. Ўша айрим мансабдорлар кооперативларни йўқотиш ёки тузилишига қаршилик қилиш юқори ҳокимиятнинг хоҳиши деган сигнал ҳам беришяпти. Жуда ёмон ҳолат бу. Аммо ўзим биламанки, юқори ҳокимиятда бундай истак йўқ, улар кооперативлар ривожланиши тарафдори.
Кластерлар давлат кредит ё субсидия бермаса, шантаж йўлига ҳам ўтишяпти. Субсидия бермасангиз, ўзимизни банкрот деб эълон қиламиз, деган мурожаатлар билан чиқишяпти.
Шокир Шарипов, журналист

— Бозор иқтисодиёти ажойиб нарса. Яъни давлатнинг ҳаракатларисиз ривожланади, фақат эркинлик ва ҳуқуқий муҳит яратиб бериш керак. Шунча тўсиқ бўлса ҳам, кооператив тузганлар билан гаплашаман. Уларнинг шижоати бошқача, чунки ҳосил ўзиники, ўзи сотади, даромади яхши. Эркинлик — бозор иқтисодиёти мотори. Шу эркинликка қўйиб берилса, жуда кўп ресурслари тежалади давлатнинг ҳам.
Отабек Бакиров, иқтисодий таҳлилчи

— Биз ЖСТга кириш арафасида турибмиз, ҳарҳолда мен шунга умид қиламан. 30 йиллик уринишларимиз бор. Бу дегани бизнинг қишлоқ хўжалиги соҳамиз ҳаддан ташқари катта рақобат майдонига киришга мажбур бўлади. Лекин биз қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни тўхтатиб қўйсак, давлат ресурслари эвазига ташкил этилган кластерлар бу янги шароитга кўниколмайди. Ҳозирнинг ўзида ҳам кластерларнинг кўрсаткичлари тушиб боряпти, зарарлар тўпланиб қоляпти. Бизнинг монопол компанияларимиз сингари имтиёзлар-у яхши шароитга кўникиб бўлишди улар.
Бизда фалон одам ишлайди, солиқлар муддатини, қарзлар муддатини чўзиб бермасанглар, одамлар ишсиз қолади, банкрот бўламиз, деган расмий-норасмий босимларга ҳам ўтиляпти. 30 йиллик самарасиз иқтисодиётимиз шунақа ишлаб келганди. 2016 йилдан бошлаб бозор томонга катта қадам ташладик, лекин ҳали бозорга етиб борганимиз йўқ. Шу ерда тўхтаб қолсак, кластерлар самарасиз имтиёзхўрлар бўлиб қолади. Бунинг энг оғир оқибатларини эса ЖСТга кирганимизда кўрамиз. Уларнинг талабига жавоб бермай, ютқаза бошлаймиз.
· Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.
Монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.
Мавзуга оид
10:45 / 12.05.2026
Фермерлар учун дизель ёнилғиси бўйича субсидия жорий этилди
09:57 / 12.05.2026
Пахта ва буғдой етиштирувчиларга янги молиявий имтиёзлар берилади
08:07 / 15.04.2026
Дунёда энг кўп пахта етиштирувчи давлатлар рейтинги эълон қилинди
12:15 / 14.03.2026