Жаҳон | 20:43 / 07.10.2023
13570
3 дақиқада ўқилади

Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш схемаси нега реверсив деб аталиши тушунтирилди

«Марказий Осиё – Марказ» газ қувури орқали Ўзбекистон ва Туркманистон гази Европага етказилган. Энди ушбу газ қувурининг бир йўналиши тескари (реверсив) режимда ишлайди.

Фото: Sputnik / Илья Питалев

Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича ўзаро манфаатли лойиҳа энергия хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган, деган эди Россия президенти Владимир Путин.

Россия Миллий энергия хавфсизлиги жамғармаси етакчи таҳлилчиси, ҳукумат ҳузуридаги Молия университети эксперти Игор Юшков сўзларига кўра, Ўзбекистон табиий газга бўлган ўртача йиллик эҳтиёжларини қондира олади. Аммо қаттиқ совуқларда эмас.

«Ўзбекистон ўртача ҳисобда йиллик эҳтиёжларини қондиради. Аммо истеъмолнинг энг юқори кўрсаткичлари юзага келганда, ҳаво жуда совуқ бўлганда ва ҳар куни қозонхоналар, электр станциялари ва бошқаларга кўп миқдорда газ етказиб берилиши керак бўлса, унда бу етарли эмас. Ўзбекистон экспортни тўхтатиб, фақат ички бозор учун ишласа ҳам, кунлик табиий газ ишлаб чиқариши етарли эмас», деб тушунтирди Юшков.

Россия ҳеч қачон Марказий Осиёга газ етказиб бермаган. Аксинча, совет даврида қарама-қарши йўналишда - Туркманистон ва Ўзбекистондан Қозоғистон орқали газ олинган. Шу мақсадда «Марказий Осиё – Марказ» газ қувури қурилиши 1960 йилларда бошланган. Ушбу газ қувурининг бир йўналиши энди тескари режимда ишлайди.

Россия президенти Владимир Путиннинг таъкидлашича, бунинг техник имкониятлари мавжуд.

«Биз буни амалга оширамиз, техник жиҳатдан бу аллақачон бажарилган. Тўлиқ таъминот октябр ойида бошланади. Ҳозирча кичик ҳажмда, лекин бу Қозоғистон иқтисодиёти учун ҳам, Ўзбекистон иқтисодиёти учун ҳам жуда муҳим. Йилига уч миллиард куб метр етказиб берамиз, кейин эса кўпайтиришимиз мумкин», деди Путин.

Қайд қилинишича, Қозоғистонда газ тақчиллиги йўқ. Аммо сўнгги 10 йил ичида истеъмол икки баравар ошди. Прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб Қозоғистон ички бозор талаб қиладиганидан камроқ газ қазиб олади. Шу билан бирга, мамлакатнинг шимоли-шарқидаги улкан ҳудудлар газсиз қолмоқда, бу ерга Россиядан газни етказиш жуда осонлиги айтилмоқда.

«Бизда мавжуд газ танқислиги, газ қувурларининг релйефидан келиб чиққан ҳолда, имкон қадар Россиядан етказиб бериш ҳисобига қопланади. Экспорт қувурларимизнинг, жумладан, Қозоғистон жанубини таъминловчи қувурларнинг имкониятлари ва қуввати чекланганлиги билан боғлиқ муаммолар бор», деди Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Сатқалиев.

Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича келишув икки йилга мўлжалланган, бироқ реверсив схема бўйича газ таъминоти ҳамкорлиги истиқболлари анча кенг экани таъкидланмоқда. Марказий Осиё мамлакатларидаги газ қувурлари тармоғи орқали рус зангори ёқилғиси Хитойга етиб бориши мумкин.

Мавзуга оид