Жаҳон | 21:10 / 07.10.2023
9165
1 дақиқада ўқилади

Европанинг йирик авиакомпаниялари Исроилга парвозларни бекор қилди

Swiss Air, Austrian Airlines, Turkish Airlines, LOT, Wizz Air, Air Baltic авиакомпаниялари парвозлар бекор қилингани ҳақида хабар берди.

Фото: Kobi Wolf / Bloomberg / Getty Images

ҲАМАС аъзоларининг Исроилга ҳужумидан сўнг Германиянинг Lufthansa авиакомпанияси Тел-Авивга парвозларни бекор қилганини эълон қилди.

«Тел-Авивдаги мавжуд хавфсизлик ҳолатини ҳисобга олган ҳолда» Lufthansa Франкфуртга битта рейсни сақлаб қолади, бироқ Тел-Авивга барча рейслар 7 октябр ҳолатига бекор қилинди, дейилади компания хабарида.

Шунингдек, Исроилнинг Walla нашри Swiss Air, Austrian Airlines, Turkish Airlines, LOT, Wizz Air, Air Baltic авиакомпанияларининг рейслари бекор қилингани ҳақида хабар берди.

United Airlines авиакомпаниясининг Сан-Францискодан учган самолёти парвоз вақтида ортига бурилиб, Қўшма Штатларга қайтиб кетди. Wizz Air авиакомпаниясининг Дебрецен шаҳридан Исроилга учган самолёти мамлакатдаги вазият туфайли Кипрга қўнди.

2023 йил 7 октябр куни ҲАМАС Ғазо секторидан Исроилга йирик ракета ҳужуми уюштирди. Исроил шаҳарларида ёнғинлар бошланди. ҲАМАС ҳаракати аъзолари Исроил ҳарбий базасини эгаллаб олди. Базада бўлган исроиллик аскарлар ҳалок бўлди.

Мавзуга оид