22:58 / 10.10.2023
6536

Байден «махфий ҳужжатлар иши» бўйича терговда кўрсатма берди 

Терговни махсус прокурор Роберт Хур олиб бормоқда. 

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Жозеф Байден мамлакат вице-президенти лавозимида ишлаган вақтида ўз ишхонаси ва уйида махфий ҳужжатлар сақлагани бўйича очилган иш юзасидан терговда кўрсатма берди. Бу ҳақда Оқ уй баёнотида айтилади. 

Баёнотга кўра, Байден Оқ уйда прокурорлар билан ихтиёрий равишда гаплашган. Қайд этилишича, президент икки кун давомида прокурорларнинг саволларига жавоб берган. Савол-жавоблар мазмуни хабарда келтирилмаган. 

Аввалроқ Оқ уй раҳбари маслаҳатчиларидан бири Ричард Заубер Байденнинг Пенсилвания университети қошидаги дипломатия марказидаги шахсий кабинетида «махфий маълумотларни ўз ичига олган оз сонли ҳужжатлар» топилганини маълум қилганди. 

Заубернинг қайд этишича, ҳужжатлар Байденнинг адвокатлари томонидан 2022 йил 2 ноябрда, АҚШ Конгрессига оралиқ сайловлар арфасида топилган. Байден ушбу кабинетдан 2017-2019 йилларда, ҳали президентликка номзодини қўймасдан олдин фойдаланган. 

АҚШ президенти «махфий ҳужжатлар топилганидан ҳайратда қолганини» айтган ва «уларнинг мазмунини билмаслигини» таъкидлаган эди.

Top