Жаҳон | 08:24 / 10.10.2023
7489
3 дақиқада ўқилади

ЕИнинг қурол харид қилган давлатларига харажати қоплаб берилади

Европа Иттифоқи ўзининг мудофаа қобилиятини ва қурол харид қилиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда. Энди Европа Иттифоқи давлатлари консорциумларга бирлашиб, қурол-яроғ харажатлари учун товон пулини ЕИ бюджетидан олиши мумкин.

Фото: Arne Immanuel Bänsch/dpa/picture alliance

Европа Иттифоқи кенгаши 9 октябр, душанба куни умумий харидлар орқали Европа мудофаа саноатини мустаҳкамлашга қаратилган қонун ҳужжатларини қабул қилди. У Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасида қурол-яроғ сотиб олиш соҳасида ҳамкорликни рағбатлантириш учун ишлаб чиқилган ва ушбу мақсадлар учун харажатларни ЕИ бюджетидан қисман қоплашни назарда тутади. Бундай компенсациянинг шарти Европа Иттифоқининг камида учта давлати консорциумларидан харид қилишда иштирок этишдир. Ушбу мақсадлар учун умумий бюджетдан 300 миллион евро ажратилган.

Европа Иттифоқи мудофаа саноати ушбу чорадан фойда олиши керак, деб ҳисоблайди ЕИ кенгаши, сабаби якуний маҳсулот таркибий қисмларининг камида 65 фоизи Европа Иттифоқи ёки унинг ҳамкор мамлакатида ишлаб чиқарилади. Бу Европа мудофаа технологиялари ва саноат базаси, жумладан, кичик ва ўрта компанияларнинг рақобатбардошлиги ва самарадорлигини оширишга ҳисса қўшиши кутилмоқда.

Россиянинг Украинага бостириб кириши туртки бўлди

2022 йил 11 мартда Версалда бўлиб ўтган Европа Иттифоқининг норасмий саммитида Европа Иттифоқи етакчилари ўз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш мажбуриятини олди, чунки Россиянинг Украинага қарши уруши Европа Иттифоқи ҳарбий захираларидаги бўшлиқлар ва дефицитларни, саноат ишлаб чиқариши камайиб бораётганини ва мамлакатлар ўртасида бу соҳадаги ҳамкорлик етарли даражада эмаслигини кўрсатиб қўйди. ЕИ етакчилари аъзо давлатлар мудофаа харажатларини сезиларли даражада ошириши, қўшма лойиҳалар ва қурол сотиб олишга сармоя киритиши, инновацияларни рағбатлантириши ва Европа Иттифоқи мудофаа саноатини ривожлантириши керак, деган қарорга келди. 

Янги қоидалар Европа Иттифоқининг расмий журналида чоп этилганидан бир кун ўтиб кучга киради. 

Ҳарбий ҳамкорлик ҳозирча бундан мустасно 

Ҳозирча мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик Европа Иттифоқида қоида эмас, истисно бўлиб қолмоқда. Аъзо давлатлар ўз режаларини асосан миллий даражада амалга оширади ва мудофаа дастурларига киритилган барча сармояларнинг атиги 18 фоизи бошқа Европа Иттифоқи давлатлари билан ҳамкорликда йўналтирилади. 

Қўшни давлатлар асосан ҳамкорлик қиляпти, мудофаага кенг Европа ёндашувларидан эса деярли фойдаланилмаяпти. Бу, масалан, қонунчиликдаги фарқлар, бюджет чекловлари, мутахассисларнинг етишмаслиги билан боғлиқ. Бу муаммони ҳал қилиш учун Европа Иттифоқининг мудофаа ташаббуслари миллий мудофаа режаларига киритилиши керак, дейди экспертлар. 

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид