Жаҳон | 23:00 / 11.10.2023
7210
2 дақиқада ўқилади

НАТО ядро синовларини қайта бошлашни режалаштирмаяпти 

«Бизда бундай синовларни ўтказишни бошлаш режаси йўқ», деди алянс бош котиби. 

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 11 октябр куни Россия ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартнома (ЯСТТТШ) ратификациясини бекор қилиш режалари ҳақидаги маълумотлар туфайли НАТО ядро синовларини қайта тикламоқчи эмас, деди. 

«Бизда бундай синовларни ўтказишни бошлаш режамиз йўқ», деди у матбуот анжуманида Россиянинг ЯСТТТШ бўйича режаларига изоҳ берар экан. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россиянинг Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартномани ратификация қилишдан чиқиши Москванинг ядровий синовлар ўтказиш ниятини англатмаслигини айтган эди. 

Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартнома БМТ Бош Ассамблеясининг 50-сессиясида (1996 йил 10 сентябр) қабул қилинган ва 1996 йил 24 сентябрда имзолаш учун тақдим этилган. 

Шартнома 1963 йилдаги Атмосферада, космосда ва денгиз остида ядровий қурол синовларини тақиқлаш тўғрисидаги Шартнома билан киритилган чекланган ядровий синовларни тақиқлаш режимини сўзсиз доирада кенгайтиради. 

Ҳар бир томон ядровий қурол синови ёки бошқа ядровий портлашни амалга оширмаслик, шунингдек, ўз юрисдикцияси ёки назорати остидаги ҳар қандай жойда бундай ядровий портлашни тақиқлаш ва олдини олиш мажбуриятини олади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид