Жаҳон | 08:03 / 13.10.2023
4952
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ЕИни Россия активларидан Киевга ёрдам учун фойдаланишга чақирди

Музлатилган 300 миллиард долларлик Россия активларининг катта қисми Европа Иттифоқида, бироқ уларни Украинага ўтказиш жиддий хавф туғдиради.

Фото: Reuters

АҚШнинг юқори мартабали амалдорлари Ғарб ҳукуматларини Россия Марказий банкининг музлатилган активларидан Украинага ёрдам бериш учун фойдаланишга чақиришда фаоллашди, деб ёзади The Washington Post 12 октябр, пайшанба куни ўз манбаларига таяниб.

Кремлга кўра, Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Ғарб давлатларининг турли банк ҳисобларида 300 миллиард долларга яқин маблағ музлатилган. Шу билан бирга, Ғарб ҳукуматлари бу пулларни оддийгина олиб қўйиб, Украинага ўтказа олмайди, чунки бу ҳуқуқий муаммоларга олиб келади ва жиддий молиявий хавфларни келтириб чиқаради, деб ёзади WP.

300 миллиарднинг катта қисми Европадаги ҳисобларда сақланади ва ҳатто бу пулларни Украинага ўтказиш тарафдорлари ҳам шундай қарор қабул қилинса, бир йилдан кўпроқ вақт кетишини тан оляпти. Бундан ташқари, Европа марказий банклари раҳбарлари бундай қарорнинг ўз иқтисодиётига таъсиридан қўрқади, дея таъкидлайди WP.

Россия активларидан олинадиган даромад солиғи Украинага ўтказилиши мумкин

Украина расмийлари ушбу активлардан олинадиган даромаддан солиқ шаклидаги маблағларни Киевга ёрдам бериш учун ишлатиш вариантини муҳокама қилмоқда, деб ёзади WP. Бу тушумлар хусусий инвесторлардан катта суммаларни жалб қилиш учун гаров сифатида ҳам ишлатилиши мумкин.

Бир кун аввал Белгия 1,7 миллиард евролик жамғарма ташкил этилгани, маблағ Украинага ёрдам бериш учун йўналтирилишини эълон қилган эди. Белгия ҳукумати уни музлатиб қўйилган Россия активларини қайта инвестиция қилишдан олинган даромад солиғи ҳисобига молиялаштирмоқчи. Euroclear Европа депозитарийси Белгияда жойлашган бўлиб, у ерда Россия Марказий банки активларининг катта қисми сақланади. Шу билан бирга, Россия Федерациясининг юзлаб миллиард еврога тенг активлари ва улар бўйича фоизлар дахлсиз бўлиб қолади, чунки улар Белгия расмийларининг юрисдикциясига кирмайди.

Мавзуга оид