Жаҳон | 20:38 / 13.10.2023
20957
11 дақиқада ўқилади

Беэри — ҲАМАС ҳужумига учраган яна бир кибуц

Бу ерда яшовчиларнинг ҳар ўнинчиси ҳалок бўлган.

Фото: Ilan Rosenberg / Reuters / Scanpix / LETA

ҲАМАС аъзоларининг Исроилга 7 октябр кунги ҳужумлари вақтида мамлакат жанубидаги чегарадош ҳудудлар энг кўп жабр кўрди. Реим кибуци яқинида Universo Paralello мусиқа фестивали иштирокчиларига ҳужум қилган, Кфар-Аза кубуцида ўнлаб кишиларни ўлдирган қуролли шахслар Ғазо сектори билан чегарадан тахминан беш километр масофада жойлашган Беэри кибуцини ҳам штурм қилган. Исроиллик ҳарбийлар бу жойни озод этиши учун ҳам икки кунга яқин вақт сарфланди. Шундан кейин ҳудудга кирган Zaka қидирув-қутқарув гуруҳи кўнгиллилари тинч аҳоли вакиллари бўлган 120 дан ортиқ кишининг жасадини топишган. Беэрида жами 1100 нафар атрофида одам яшаган.

ҲАМАС Беэрига 7 октябр куни тахминан соат 6:30 да ракета зарбалари йўллаган. Исроил мудофаа армиясига кўра, кибуц ҳудудига 70 га яқин жангари кириб келган.

ҲАМАС аъзоларининг Исроилга ҳужуми йўлидаги илк нишон бўлган Реим кибуцидаги мусиқа фестивали иштирокчиларидан бири, 20 ёшли Нойя Роувен ракета зарбалари бошланган вақтда Беэрига қочган. У Беэрига соат 7:00 да етиб келган, аммо кибуц аллақачон ҲАМАС кучлари назоратига ўтганди.

Шундан кейин у Беэри яқинидаги бетон бошпанада яширинган дўстлари билан боғлана олмайди. Фақат душанба кунига келиб уларнинг тақдири маълум бўлади. Уларнинг иккиси оғир жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган, деган у Times of Israel нашрига. «Афсуслар бўлсинки, яна икки киши ўлдирилган ва бир киши ўғирланган», — дея қўшимча қилган у.

Беэрига ҳужум ҲАМАСнинг юзлаб жангчиларининг кенг кўламли рейдининг бир қисми бўлади. Гуруҳ аъзолари бундан ташқари Исроил жанубидаги яна уч шаҳар — Офаким, Сдерот ва Нетивотга, шунингдек, чегарадаги бошқа кибуцларга киришган.

Беэридаги воқеалар ҳақида нималар маълум?

Маҳаллий аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, 7 октябр куни улар эрталаб соат 6:30 атрофида ҳаво тревогаси ва тўхтовсиз портлашлар овозидан уйғонган. Тахминан 45 дақиқа ўтганидан кейин улар кибуцда ҲАМАС аъзолари ҳаракатланаётганини тушунишган.

Маҳаллий аҳоли вакилларидан бири Михал Пинян CNN мухбири билан суҳбатда бу вақтда ватсапдаги оилавий чатга ота-онаси ташқаридан отишма овозлари ва арабча сўзлар эшитаётгани ҳақида хабар келгани ҳақида айтади. «Отангни отиб ташлашди ва граната улоқтиришди. Улар хавфсизлик хонасини портлатишди», — дея ёзган Михалнинг онаси. «Уйдами?» — дея аниқлаштириш учун савол берган қиз. «Ҳа», — дея жавоб берган она. Бу унинг сўнгги хабари бўлиб қолган.

«Биз улар катта эҳтимол билан ҳалок бўлганини билардик. Аммо барибир бундай бўлиб чиқмаслиги, уларни фақат ўғирлашганига бироз умидимиз бор эди», — дейди Михалнинг турмуш ўртоғи Лотан Пинян. Улар фарзандлари билан ўз уйидаги хавфсизлик хонасига яширинган ва Исроил армияси кибуцга кирмагунича 20 соатга яқин вақт давомида егуликсиз, ичимлик суви ва ҳожатхонасиз ўтиришган. Уларнинг уйини озод этиш учун штурмда 15 аскар қатнашган, улар оилани олиб чиқишган ва хавфсиз жойга жойлаштириб, жангни давом эттиришган. Лотан атрофдаги жасадларни кўрмаслиги учун болаларнинг кўзини ёпиб турган.

Кибуцни озод этган бўлинмага раҳбарлик қилган Барак Хирамнинг сўзларига кўра, босқин уюштирган ҲАМАС кучлари қурбонлар сони кўпроқ бўлиши учун махсус тактика қўллашган. «Улар яшовчилар уйларининг ичига қамалиб олишини яхши билишган. Улар ҳовлилардаги машиналарнинг юкхонасини очиб, захира ғилдиракларини олишган, уларни ёқишган ва ёнғинни кучайтириш учун уйлар ичига улоқтиришган. Ичкаридаги одамлар тириклайин ёниб кетишган, деразадан сакраб тушганлар отиб ташланган», — дейди Хирам.

«Қалин тутун ва газ уйга электр розеткалар ва эшик тирқишлари орқали кириб келди. Уйга ўт қўйилганида биз тутундан бўғилиб қолдик ва юзимизга сувга ботирилган сочиқлар ёпдик, — дейди кибуцда яшовчи Мири Гэд Месика Ynetnews нашрига. — Террорчилар ичкарига киришга уринганида эрим бор кучи билан эшикни ичкаридан тортиб турди».

Атрофда жангарилар йўқлигида Мири ва эри иккинчи қаватдан сакрашган ва қўшниникига чопишган. «Биз уйимиз қандай ёнаётганига қараб турардик. Қандай қилиб омон қилганимизни ҳалиям тушуна билмайман», — дея ҳикоя қилган у.

Кибуцни озод этиш бўйича амалиёт 48 соатга яқин давом этган. Бу жанг вақтида ҳам фаластинликлар алдамчи тактика қўллашган, исроиллик ҳарбийларнинг либосларини кийиб олиб, атрофдаги ҳарбийларни ўққа тутишган.

Times of Israel газетаси қайд этишича, Беэри 17 соат мобайнида ҳамасчилар назоратида бўлган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳарбийлар бу ерга дарҳол етиб кела олмаган, бунга бир неча соат вақт кетган.

Бу кечикиш сабаби Беэрига ҳужум қилинган вақтга келиб армия аллақачон заифлашган бўлгани билан боғлиқ бўлиши мумкин, деб ёзади Jewish Press нашри. Ҳарбийлар дастлабки соатларда катта йўқотишларга учраган: чегарадаги кўплаб аскарлар ўлдирилган ёки ўғирлаб кетилган.

Беэридан 50 км масофада жойлашган Нетивот шаҳридан бўлган 22 ёшли фелдшер Амит Манн ҲАМАС босқини бошлангач, ушбу кибуцга кўнгилли сифатида йўл олган. Амит бу ердалигида бизга «Ҳарбийлар қаерда?» деб қайта ва қайта сўров юборди, деб хабар берган унинг яқинлари Channel 4 каналига. Улар эса полицияга қўнғироқ қилишган ва Исроил кучлари тез орада етиб бориши ҳақида маълумот олишган.

Амит клиникада эканида бинога жангарилар кириб келади. «Мен бу ердан чиқиб кета оламан деб ўйламайман. Мен сени севаман», — дея ёзган у укаси Габриэлга. Бунга жавобан у Амитга қўнғироқ қилган ва қичқириқларни эшитган. «Улар унинг оёғига ўқ узишган, [у айтдики], бу ерда ҳаммани ўлдиришган ва у сўнггиси эди, — дея ёзади у фейсбукда. — Мен ўқ овозларини эшитдим ва алоқа узилди»

ЦАҲАЛ матбуот хизмати бу ерга ҳужум қилган ўнлаб жангарилар ўлдирилгани ҳақида хабар берган. Аммо Беэридаги воқеалар кўплаб исроилликлар учун Исроил армиясининг кутилмаган заифлигини кўрсатиб қўйди, дея қайд этади Times of Israel.

Zaka ташкилоти кўнгиллилари 9 октябр куни Беэрига киришга муваффақ бўлишган. Озод этилган коммунага биринчилардан бўлиб кирган одам исроиллик фелдшер Хами Атиас бўлган. «Мен етарлича кўп нарса кўриб қўйганман деб ўйлардим, лекин мен ўша ерда кўрганларимга тайёр эмасдим. Жасад ҳиди — мен бу ҳафта жуда кўп чўмилдим, аммо бу ҳиддан халос бўла олмаяпман», — дейди у Reuters билан суҳбатда. Атиаснинг сўзларига кўра, кибуц кўчаларида ўнлаб жасадлар ётган, атрофда эса ярадорлар бақирар, ресурслар етишмаслиги туфайли тиббиёт ходимлари кимни биринчи бўлиб қутқариш танлови қаршисида қоларди.

Zaka кўнгиллиси Коби Мазканинг сўзларига кўра, Беэрида ўлдирилганларнинг энг катта ёшлиси 85 ёшда, энг кичиги — бир неча ойлик чақалоқ бўлган. «Бу ерда ҳаммаси буткул бошқача, бу нацистлар қилган ишлар ҳақида болалигимда ўқиганларимни эслатади. Бу холокостдан ҳам ёмонроқ», — деган Мазка Исроилдаги «Едиот ахронот» нашрига.

12 октябр тонгида ЦАҲАЛ расмий вакили Жонатан Конрикус брифингда Беэрида ҳам Ғазо яқинидаги ҲАМАС ҳужумига учраган бошқа қўшни кибуцларда бўлгани каби боши олинган жасадлар топилгани ҳақида айтди. Унинг аниқлик киритишича, ЦАҲАЛ бундай хабарларни воқеа жойидан олган ва уларни текшириш учун маълум вақт талаб этилган. «Ҳатто ҲАМАС ҳам бундай варварлик актини содир этишига ишониш қийин эди, аммо гувоҳларнинг гувоҳликлари ва Zaka расмий вакили CBS янгиликлари дастурида „Ҳа, меня бошсиз болалар жасадини кўрдим“ деганидан кейин, мен ўйлайманки, афсуски, Беэрида айнан шундай бўлгани ҳақида ишонч билан айтишимиз мумкин», — деган Конрикус.

Кейинроқ Исроил ҳукуматидаги манба CNN билан суҳбатда ушбу кибуцда боши кесилган жасадлар топилгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлай олмаслигини маълум қилди. «ҲАМАС жангарилари бош кесиш ва ИШИДга хос бошқа ваҳшийликларни содир этиши ҳолатлари бўлган. Аммо биз қурбонлар эркак ёки аёл, ҳарбий ёки тинч аҳоли вакили, катталар ёки болалар эканини тасдиқлай олмаймиз», — деган шахси сир қолишини сўраган мулозим.

Кибуцда яшовчи Том Ҳэнд 7 октябр тонгида ҳаво тревогасини эшитганида аввалига хавотирланмаганини айтган. Унинг саккиз ёшли қизи Эмили тунаш учун дугонасиникига, бомбапанаси бош уйга кетганди ва болалар хавфсизликда эканига унинг ишончи комил бўлган. Аммо тез орада кўчада ўқ овозлари эшитила бошлайди. «Агар мен билганимда… Мен чопиб борган, уни олган, унинг дугонаси ва онасини ҳам уйга олиб келган бўлардим. Аммо нима бўлаётганини тушунганимда жуда кеч бўлганди», — дейди Ҳэнд.

У уйидан чиқа олмайди — кибуц ҳамасчилар томонидан эгаллаб бўлинганди. Ҳэнднинг турмуш ўртоғи, Эмилининг онаси бир неча йил олдин саратондан вафот этганди, шунинг учун, ўзининг изоҳлашича, у қизини отасиз ҳам қолдириш хавфига йўл қўя олмаган.

Беэридан эвакуация қилинган одамлар Ўлик денгиз соҳилидаги меҳмонхонага жойлаштирилади. Уларнинг орасида Том Ҳэнд ҳам бор эди. Бир неча кундан кейин унга қизи вафот этганини хабар қилишади. У шундан кейин енгил тин олганини айтади. «Мен энди у ёлғиз эмаслигини, у Ғазода эмаслигини, худо билади қанчадан қанча қўрқинчли одамлар билан тўлган қоронғи хонада эмаслигини, бу ҳолатда ҳар куни, ҳар дақиқа, эҳтимол узоқ йиллар қолмаслигини билардим», — дейди Ҳэнд.

Ота-онаси ўлимидан хабар топган Михал Лотаннинг айтишича, оила энди кибуцга қайтишни режалаштирмоқда. «Биз [болаларга] кемани тубга чўкиб кетишга йўл қўймаслигимизни тушунтирдик. Биз бориб бу жойни қайта қуришимиз, жамоатни тиклашимиз керак. Ва шундан кейин бутун оила ўтириб, буёғига нима қилишимизни ҳал қилишимиз мумкин», — дейди у.

Мавзуга оид