Конгресс АҚШ ҳукуматига Хитой ва Россияга қарши бир вақтдаги урушга тайёргарлик кўришни тавсия қилди
Конгресс фикрига кўра, Хитой ва Россия таҳдидлари 2027-2035 йилларда кучаяди, шу туфайли «мамлакат тайёр бўлиши учун қарорлар ҳозир қабул қилиниши керак».
АҚШ Конгрессининг Стратегик режалаштириш комиссияси 145 саҳифалик ҳисобот тайёрлади, унда Америка расмийларига Хитой ва Россияга қарши бир вақтдаги урушга тайёргарлик кўриш тавсия этилди, деб ёзди Reuters.
Қайд қилинишича, Қўшма Штатлар бир вақтнинг ўзида иккита урушда иштирок эта олади, чунки тилга олинган икки давлат ҳарбий кучларини «максимал даражада мувофиқлаштириши» мумкин.
Демократлар партияси раиси Мэдлин Кридон ҳисоботга бағишланган брифингда АҚШ мудофаа харажатларини ошириши кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, президент ва Конгресс «мудофаа харажатларини ошириш - АҚШ, Хитой, Россия ва бошқа давлатлар иштирокида юзага келиши мумкин бўлган ядровий урушнинг олдини олиш учун тўлаш керак бўлган кичик нарх эканини» халққа етказиши керак.
«Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари бир вақтнинг ўзида иккала душманни ҳам тийиш ва мағлуб этишга тайёр бўлиши керак. АҚШ бошчилигидаги халқаро тартиб ва у тарғиб қилаётган қадриятлар Хитой ва Россия авторитар режимлари таҳдиди остида», дейилади ҳисоботда.
Конгресс комиссияси Қўшма Штатларга оддий қуролларни ишлаб чиқариш, ҳарбий иттифоқларни мустаҳкамлаш ва ядровий қуролларни модернизация қилиш дастурларини кенгайтиришни таклиф қилди.
Ҳисоботда айтилишича, Америка давлати «бюджет муаммоларига» қарамай «бу сармояларни сарфлаши лозим».
Комиссия Хитой ва Россия таҳдидлари 2027-2035 йилларда кучайишига ишонади, шу туфайли «мамлакат тайёр бўлиши учун қарорлар ҳозир қабул қилиниши керак».
АҚШ Конгресси ушбу комиссияни 2022 йилда тузган. Унга Демократик ва Республикачилар партияларидан олти нафардан вакил кирган. Комиссиянинг мақсади узоқ муддатли таҳдидларни баҳолаш ва мамлакатнинг оддий ва ядровий кучларига ўзгартиришлар киритиш бўйича тавсиялар беришдан иборат.
Мавзуга оид
21:50 / 17.11.2024
Берлинда Россия мухолифати томонидан уюштирилган урушга қарши марш бўлиб ўтди
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
14:56 / 17.11.2024
Ижросини 11 йил кутган “ҳукм”: 18 ёшли чечен қизни зўрлаб ўлдирган россиялик зобит тақдири ҳақида
10:05 / 17.11.2024