Жаҳон | 20:06 / 15.10.2023
30309
11 дақиқада ўқилади

Қурол, пул ва дипломатия. Исроил ва ҲАМАС можароси Россия-Украина урушига қандай таъсир ўтказмоқда?

Бир ҳафтадан буён давом этаётган Исроил ва ҲАМАСнинг қуролли можароси жаҳон диққатини Россиянинг Украинага тажовузидан ўзига жалб қилиб олди. Киев учун энг катта хавф — Яқин Шарқдаги уруш ғарблик иттифоқчиларнинг ресурсларини ҳам ўзига жалб қилиши мумкинлигида.

Фото: EPA

«Исроил мавжуд хавф қаршисида қолди. Украинанинг ҳар қандай молиялаштирилиши Исроил томон йўналтирилиши лозим», — деган 9 октябр куни Миссури штатидан республикачи сенатор Жош Гоули.

Оқ уй азалдан бу сиёсатчини «Россия дезинформацияси» тарқатувчиси деб келган бўлса-да, Исроилдаги можаро туфайли Киевнинг ғарб давлатлари томонидан қўлланишини чеклаш тўғрисидаги тезис асоссиз эмас. Гарчи Жо Байден маъмурияти ва Пентагон буни омма олдида инкор қилиб туришган эса-да.

«АҚШ бир вақтнинг ўзида эрксевар Украина халқи ва Исроил давлатини қўллаб-қувватлай олмайди деган фикрларни кескин рад этамиз», — дея қайд этган АҚШ президентининг хавфсизлик масалалари бўйича расмий вакили Жейк Салливан.

«Бизда буни самарали амалга ошириш учун ресурслар, қурол-яроғлар ва салоҳият етарли», — дея қўшимча қилган у.

11 октябр куни кундузи АҚШ Украинага навбатдаги 200 млн долларлик ҳарбий ёрдам пакети ажратилишини эълон қилди. Ўша куни Исроилга Америка ҳарбий ёрдами ортилган самолёт келиб қўнди.

Исроилдаги қарама-қаршилик Украинадаги урушдек чўзилган можарога айланиб кетса нима бўлади, деган савол очиқ қолмоқда.

Украина артиллерия ўқ-дорилари масаласида Ғарбга боғланиб қолган. Фото: GETTY IMAGES

Доимо етишмайдиган қурол

Исроилнинг ўз қудратли ҳарбий-саноат комплекси тўғрисидаги баёнотлари — реаллик эмас, асосан миф ва стереотип, дейди Defense Express компанияси эксперти Иван Киричевский.

У Исроилнинг зирҳли танк саноати фахри, фаол ҳимояга эга Merkava танки реал жанговар ҳаракатларда ўзини ёмон тарафдан кўрсатганига ишора қилди.

Исроил ҳарбий саноат комплексининг яна бир фахри — «Темир гумбаз» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими эса Америка пудратчилари билан кооперация маҳсулидир. ҲҲМ тизимидан давомли фойдаланиш асносида Исроилга АҚШдан ракета ва бутловчи қисмлар етказиб туриш керак бўлади, дейди эксперт.

155 мм калибрли ўқ-дорилар билан боғлиқ масала ҳам очиқ қолмоқда. Украинадаги уруш мобайнида НАТОга хос ушбу калибрга эҳтиёж жуда катта ва украиналик ҳарбийлар томонидан телбаларча ишлатилмоқда. Америка ва Европа заводлари уларни ишлаб чиқаришга ҳам улгурмаяпти.

Исроил артиллерияси ҳам айнан 155 мм калибрга мослашган. Ҳозирча Яқин Шарқдаги қарама-қаршиликда ундан минимал тарзда фойдаланилмоқда.

Исроил бу босқичда Ғазо секторига ҳаводан туриб зарбалар бермоқда.

«Ҳозирча биз исроилликлар украинлар учун таниш JDAM авиабомбалари билан Ғазо секторига зарба беришга зўр беришмоқда», — дейди Киричевский.

Ғазо секторига берилган зарба оқибатлари. Фото: EPA

JDAM (Joint Direct Attack Munition) — бу бошқариладиган оғир бомбалар бўлиб, парвоз узоқлиги ва аниқлигини таъминловчи қурилмалар (қанотлар комплекти, GPS-навигация бўйича мўлжал олиш)га эга.

Бу ҳам америкаликларнинг ишланмаси. Баҳордан буён Украина ҚК ҳам улардан фойдаланмоқда.

Исроил ҳарбий ҳаво кучларининг асосий ҳарбий самолёти — Американинг F-16 қирувчи самолётларидир, дейди эксперт. Бу эса ғарблик ҳамкорлари Киевга етказиб бермоқчи бўлаётган учоқларнинг айнан ўзи: украиналик пилотлар айни дамда шу самолётларни бошқаришни ўрганмоқда.

Киричевскийнинг таъкидлашича, Исроилдаги уруш Украинага бу самолётлар етказилишини сусайтирмаслиги керак, чунки Европа ва АҚШда уларнинг сони кўп. Лекин бутловчи қисмлар билан боғлиқ муаммолар бўй кўрсатиши мумкин.

«Узоққа чўзилувчи можаро ҳақида гап кетганда самолётларни тиклаш ва таъмирлаш масаласи ўртага чиқади. Исроилнинг юқори технологияли ҳарбий саноат комлекси ҳарчанд мақталмасин, уларнинг ўзлари самолёт ясашни билмайди, буни унутишган», — дейди у.

Defense Express эксперти армияга чақирилган 300 минг захирадагилар учун қурол-аслаҳалар етишмаслигига ҳам эътибор қаратган. Бу ерда ҳам иттифоқчиларнинг ёрдами керак бўлади.

«Бундай ҳарбийлашган давлат қурол-яроғ борасида бошқа давлатлардан кўмак кутадиган вазият пайдо бўлганига сабаб, сўнгги йилларда Исроил армияси фақат «ёмон қуролланган жангарилар отряди» билан жанг қилишга мажбур бўлгани», — дейди BBC’га Украинанинг Яқин Шарқ тадқиқоти маркази директори Игор Семиволос.

Агар можаро чўзилса, боз устига унга бошқа томонлар, энг аввало Эрон қўшилса, Исроилнинг ёрдамга эҳтиёжи кескин ортади. «Лекин мен Эроннинг можарога аралашиш эҳтимолини 50 фоиздан пастроқ баҳолайман», — деган эксперт.

Воқеалар ривожи бундай тус олмаслиги учун АҚШ ўзининг Ўрта Ер денгизидаги авиаташувчи гуруҳини Исроил соҳилларига яқинроқ жойлаштиришга аҳд қилди.

Маблағ етадими?

Чиндан ҳам, АҚШ Украинага тақдим этаётган ва Исроилга жўнатиши мумкин бўлган қурол-яроғлар рўйхати ўзаро кесишади, лекин «жуда тор» диапазонда, дейди Украинанинг Вашингтондаги собиқ элчиси Валерий Чалий.

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Вашингтон Исроилдаги можарога қарамасдан Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишига Володимир Зеленскийни ишонтирди. Фото: REUTERS

Унинг маълумотларига кўра, Исроил можароси Киев учун Америка ҳарбий ёрдам пакетларини шакллантириш муддатига таъсир ўтказиши мумкин.

«Таъсир вақт масаласида бўлади. Узоқ истиқболли қўллаб-қувватловда катта таъсир бўлишини прогноз қила олмасам ҳам, қисқа муддатли ёрдамларга таъсир қилиши аниқ, — деган Чалий BBC украин хизматига. — Бу қарор қабул қилиш жараёни ва маълум бир рўйхатдаги қурол-яроғларни ажратиш билан боғлиқ».

Собиқ элчи вазият АҚШда Украина ва Исроилга ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун молиявий қарорлар қабул қилиш жараёнига ҳам «қисман таъсир» қилиши мумкинлигини айтади.

Пентагон 9 октябр куни Конгрессни ҳар икки давлатга бир вақтда керакли ёрдам кўрсата олиш учун қўшимча молиялаштириш ажратишга чақирди.

Зеленский Америка ёрдамисиз Украина Россия билан урушда ютқазиши мумкинлигини айтиб келади. Фото: REUTERS

Бироқ бу нарса ҳам тезда бўлмайди, чунки Конгресснинг Вакиллар палатаси спикер Кевин Маккарти 3 октябр куни истеъфога чиқарилгач ҳамон блокланган ҳолда турибди.

«Айниқса ўқ-дорилар ва бизнинг бир вақтнинг ўзида ҳам украинлар, ҳам исроилликларни қўллаб-қувватлаш қобилиятимизда энг асосий масала — Конгрессдан қўшимча молиялаштириш олиш, бу бизнинг ўқ-дори ишлаб чиқариш ва уларнинг пулини тўлаш борасидаги имкониятларимизни орттиради», — деган АҚШ армияси вазири Кристин Вормут.

30 сентябр куни Конгресс сўнгги дақиқаларда маъқуллаган вақтинчалик бюджетда Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун маблағ ажратилмаган.

Бироқ, Washington Post нашри маълумотларига кўра, Байден маъмурияти Конгресс Украина ва Исроилни молиялаштириш учун сўровни бирлаштириши мумкин.

Бундай «айёрлик» Исроилни қўллаётган, аммо Украинага ёрдамга қарши чиқаётган ултраўнг республикачи-трампчиларни алдаб, Киевга зарур ёрдам кўрсатилиши имкониятларини оширади.

Аллақачон Республикачилар партияси аъзолари орасида молиявий сўровларни бирлаштиришга қарши бўлганларнинг овозлари янграй бошлади.

АҚШ ОАВи маълумотларига кўра, келгуси йил учун Украинага молиявий ёрдам пакети 50 млрд.дан 100 млрд долларгача етиши мумкин.

«Умумий нуқтайи назар»

«Биз АҚШ ва барча давлатларнинг бу фалокатда Исроилга ёрдам беришга ҳозирлигини қўллаб-қувватлаймиз ва тарафдормиз, — деган BBC’га Украинанинг Вашингтондаги ҳозирги элчиси Оксана Маркарова. — Бошқа томондан, Яқин Шарқдаги воқеалар нафақат Россия агрессияси, бошқа агрессорларни тўхтатиш учун Украинанинг Россия устидан ғалабаси зарурият эканини кўрсатмоқда».

«АҚШнинг сўнгги кунлардаги ҳаракатлари бизнинг бу нуқтайи назаримиз умумий эканини кўрсатмоқда», — деган у.

Буни Америка маъмурияти ва Конгресс аъзоларининг катта қисми Исроил ва Украинага бир вақтда ёрдам беришни қўллаб-қувватлагани ҳам тасдиқлаб турибди.

Оксана Маркарова

Элчи Оксана Маркаровага кўра, Украина ва АҚШда Россия устидан ғалаба қозониш зарурияти борасида ҳам «умумий нуқтайи назар» бор.

Иккинчидан, 11 октябр куни «Рамштайн» форматидаги йиғилишда, хусусан Украинага самолётлар, артиллерия, зирҳли техника ва ҲҲМ воситалари етказиб бериш борасида янги келишувларга эришилди.

Шу куни Киевга АҚШнинг навбатдаги — 200 млн долларлик 48-ёрдам пакети тақдим этилиши ҳам эълон қилинди.

Элчи Маркарованинг ишончига кўра, Украинага ажратилиши режалаштирилаётган қурол-яроғлар, шунингдек, аввал эълон қилинган пакетлар доирасида доимий етказиб беришлар, тезлаштирилган ишлаб чиқариш «бизнинг стратегик дўстимиз АҚШнинг қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги ўз сўзларига содиқлигини исботлайди».

Бундан ташқари, бу Вакиллар палатаси янги спикер сайлаб олгунча, Конгресс бюджет жараёни ва келгуси 2024 йилги молия йилида қўллаб-қувватлашни аниқлаштиргунча Украинани ҳимоялаб туради.

Россия учун фойда

Володимир Зеленский ҲАМАС аскарларининг Ғазо сектори яқинидаги манзилгоҳларига ҳужум ортида Россия турганини ҳам таъкидламоқда.

Россия Яқин Шарқда вазият кескинлашганидан Украинага қарши урушда фойдаланмоқчи. Фото: EPA

«Россия ҲАМАС Исроилда ўтказаётган операцияларни у ёки бу даражада қўллаб-қувватламоқда. Бизнинг махсус хизматларимиз учун бу очиқ-равшан, — деган Зеленский France 2 телеканалига интервюсида. — Бизда Россия маълум бир террорчилик ҳаракатларини ўтказишга ёрдам беради деб хулоса чиқаришга ундовчи барча далиллар бор. Буни улар биринчи марта қилишаётгани йўқ. Улар бу ишларни Сурияда қилишган, Украинада ҳам қилишган».

Бу орада Россиянинг урушга оид телеграм-каналлари ва блогерлари ҲАМАС вакиллари ғарблик иттифоқчилар Украинага тақдим этган қурол-яроғлар билан уруш қилаётгани тўғрисидаги ахборотни тарқата бошлашди.

Бу ҳақда Россиянинг собиқ президенти, эндиликда РФ Хавфсизлик Кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев ҳам ўз телеграм-каналида ёзди.

Бу борада россияликлар ишончли далил келтира олишмади, исроилликлар эса бу ахборотни рад этишди.

Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси эса россияликлар Украинадаги уруш даврида ўлжа қилиб олган АҚШ ва ғарб давлатларида ясалган техникаларни ҲАМАСга берганини таъкидлаб чиқди.

«Россияликлар режасига кўра, кейинги қадам украиналик ҳарбийларни ғарб қурол-яроғларини террорчиларга доимий асосда сотаётгани тўғрисидаги фейк хабар бўлиши керак», — дейилади идора баёнотида.

Украинанинг Вашингтондаги собиқ элчиси Валерий Чалийнинг айтишича, бу россияликларнинг информацион-психологик операцияси бўлиб, у ғарб аудиториясига мўлжалланган. Украина бунга ҳам дипломатик усуллар билан қарши туриши керак, дейди у.

«Бу россияликларнинг махсус операцияси ва у келгусида кўпроқ айлантирила бошлайди», — дея ишонади Чалий.

Мавзуга оид