Гуржистон деганда энг аввало Кавказдаги тоғли юрт ва у ерда яшайдиган мағрур халқ эсланади. Агар бошқа миллатларга қиёсан олинса, дунёда гуржилар унча кўп эмас.

Бироқ ана шу кам сонли миллат ўзининг алифбосини, бошқаларникига ўхшамайдиган исм-шарифини сақлаб қолгани таҳсинга сазовор.

Яқинда Kun.uz мухбири Гуржистон пойтахтида бўлиб, ушбу шаҳар ҳаёти ва ундаги диққатга сазовор бўлган тарихий жойларини кадрга муҳрлади.

Гуржистон-Сакартвело ҳақида

Кавказдаги бу мамлакатни яқин қўшнилари Туркия, Эрон, Озарбойжон ва қисман Ўзбекистонда Гуржистон деб аташади. Бу атама форс тилидаги гург-бўри сўзидан олинган.

Гуржистонни собиқ иттифоқ республикаларида яшовчилар Грузия дейди. Бу атама илк бор руслар орқали тарқалган. Россия империяси Гуржистонни босиб олар экан, руслар «Гуржистон» атамасини талаффуз қилишда қийналишади.

Улар бу давлат номини Гурджия, Гурзия, гуржиларни эса «гурзин» деб атай бошлашади. Кейинчалик Гурзия атамаси Грузияга, гурзин эса «грузин»га ўзгаради.

Ғарб давлатларида Гуржистонни «Жоржия» дейишади ва бу унинг қадимда Георгия деб аталишидан келиб чиққан.

Гуржилар ўз юртларини Грузия дейилишини унча хушлашмайди ва уни Сакартвело деб аташади. Бу атама «картвелилар юрти» деган маънони англатади.

Гуржиларнинг Грузия атамасини ёқтирмаслиги Россиянинг 2008 йил 8 август куни бу мамлакатга бостириб кириб, унинг бир қисми бўлган Жанубий Осетия ва Абхазиянинг босиб олинишидан сўнг кучайган. Бироқ унгача ҳам гуржилар Грузия атамасини хушламаган.

Гуржистон ҳудуди 69 789 километр квадрат, аҳолиси 3,8 миллион. Мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажми 25 миллиард долларни ташкил этади ва аҳоли жон бошига ҳисоблаганда қарийб 7 минг доллардан тўғри келади.

Гуржистоннинг йирик шаҳарлари Тбилиси, Батуми, Кутаиси, Рустави, Зугдиди, Гори, Поти, Сухуми ва Цхинвали ҳисобланади (Сухуми ва Цхинвали расмий Тбилиси бошқарувида эмас).