09:12 / 16.10.2023
5041

БМТ: Ғазо секторида 1 миллионга яқин одам ўз уйини ташлаб кетди

БМТ агентлиги Ғазо секторида ички кўчирилганлар сонининг кўпайишини кутмоқда. Исроил ЦАХАЛ аҳолини эвакуация қилишга чақирган ҳудуд жанубига сув таъминоти қайта тикланганини эълон қилди.

Фото: Reuters

БМТнинг 15 октябр, якшанба куни маълум қилишича, ҲАМАС ҳаракати ва Исроил ўртасида тўқнашувлар бошлангани сабабли Ғазо секторининг миллионга яқин аҳолиси ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди

Кўчиб кетганларнинг ҳақиқий сони яна ҳам кўпроқ бўлиши мумкин, чунки соҳилбўйи ҳудуддаги кўплаб одамлар ўз уйларини тарк этишда давом этмоқда, деди БМТнинг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги матбуот котиби Жулетт Тума. 

7 октябр куни жангчиларнинг ҳужумига жавобан Ғазо секторида қатор объектларга зарба берган Исроил мудофаа кучлари шу ҳафта бир неча бор ғазоликларни уйларини тарк этиб, сектор жанубига кўчишга чақирди. Турли манбаларга кўра, ЦАХАЛ ҳаракатни тинч аҳолидан тирик қалқон сифатида фойдаланганликда айблади. 

Исроил Ғазо секторига сув етказиб беришни тиклади 

Исроилнинг Ғазога берган зарбалари оқибатида 2600 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, дея маълум қилди Фаластин томони. ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми натижасида 1300 дан ортиқ одам вафот этган, деб ёзади Исроил ОАВ. ЦАХАЛнинг янгиланган маълумотларига кўра, яна 150 га яқин исроиллик ҲАМАС жангчилари томонидан ўғирлаб кетилган. Шундан сўнг Исроил Ғазо секторига энергия блокадаси эълон қилиб, сув, ёнилғи ва энергия таъминотини тўхтатди, ҲАМАСдан гаровга олинганларни озод қилишни сўради. 

Исроил энергетика вазири Исраэл Кац 15 октябр куни мамлакат расмийлари АҚШ президенти Жо Байден билан музокаралардан сўнг Ғазо сектори жанубида аҳолини эвакуация қилишга ёрдам берадиган сув таъминотини тиклашга келишиб олганини айтди. 

ЦАХАЛ куни кеча Ғазо секторида қуруқликда кенг кўламли операция ўтказишга тайёрланаётганини тасдиқлади. ОАВ хабарларига кўра, об-ҳаво шароити туфайли у бир неча кунга қолдирилди. 

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top