Жаҳон | 08:53 / 16.10.2023
9004
2 дақиқада ўқилади

Ливан-Исроил чегараси яқинидаги БМТ миссияси штабига ракета келиб тушди

Ливан ва Исроил чегарасида сўнгги кунларда ЦАХАЛ ва Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ўртасида отишмалар давом этмоқда. 

Фото: JOSEPH EID/AFP

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ливандаги Муваққат кучлари 15 октябр, якшанба куни Исроил қўшинлари ва Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ўртасидаги отишма чоғида Ливан жанубидаги «Мовий дубулғалар» штабига снаряд тушгани ҳақида хабар берди. Ҳодиса Исроил билан чегарадош Нақура шаҳрида содир бўлган. 

«Биз унинг қаердан учиб келганини аниқлаш устида ишлаяпмиз», дея хабар берди миссия. БМТнинг Ливандаги Муваққат кучлари маълумотларига кўра, зарба вақтида ҳеч ким жабрланмаган.

«Биз вазиятни юмшатиш учун «мовий чизиқ»нинг ҳар икки томонидаги кучлар билан фаол ҳамкорлик қилишда давом этамиз, аммо афсуски, бизнинг саъй-ҳаракатларимизга қарамай, ҳарбий кучайиш давом этмоқда. Биз барча иштирокчиларни ўт очишни тўхтатишга ва тинчликпарварлар сифатида бизга ечим топишда ёрдам учун рухсат беришга чақирамиз», дея қўшимча қилди БМТнинг Ливандаги Муваққат кучлари ва 15 октябр куни ҳар икки томондан кучли отишма уюштирилганини таъкидлади. 

Исроил Ливан билан чегарадан 4 км узоқликда жойлашган ҳудудни ўққа тутилгани учун ёпди 

15 октябр куни Исроил мудофаа кучлари Ливан билан чегарадаги тўрт километрлик чизиқ «Ҳизбуллоҳ» томонидан ўққа тутилиши сабабли ёпилганини эълон қилди. Ҳарбийлар бу буфер зонага кириш тақиқланганини таъкидлади. Чегара ҳудудини ёпиш қарори эрталаб мамлакат шимолидаги Штула қишлоғи Ливандан ўққа тутилганидан кейин қабул қилинган. ЦАХАЛ маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлган, тўрт киши яраланган. 

Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ҲАМАС ҳаракатининг 7 октябр куни Исроилга амалга оширган ҳужумини қўллаб-қувватлади. Шундан сўнг «Ҳизбуллоҳ» Ливан жанубидан Исроилни ўққа тута бошлади. ЦАХАЛ жавоб зарбаларини берди.

Мавзуга оид