Ўзбекистон | 21:51 / 16.10.2023
9055
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 43 та эчкиэмарни ўлдириб, терисини шилган бракониер жазоланди

Унга нисбатан жарима ва 3 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

Қашқадарё вилояти, Дехқонобод туманида 43 бош эчкиэмарни ўлдирган бракониерга суд ҳукми ўқилди. 

Қайд этилишича, «Касби» маҳалласида яшовчи фуқаро М.И. яшаш хонадонида Ўзбекистон Қизил Китоби ҳамда халқаро CITES Конвенциясининг 1-иловасига киритилган бўз эчкиэмарларни тутқунликда сақлаб, уларни нобуд қилган. Жумладан, 20 бош эчкиэмарни тутқунликда сақлагани ва 43 бош эчикемарни эса ўлдирилиб, териси шилиб олган. 

Ҳолат бўйича «Экологик назорат тўғрисида»ги қонунининг 25-моддаси, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунининг 47-, 49-, 50-моддалари, «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонунининг 51-, 53-моддалари, Жиноят кодексининг 202-моддаси (Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) бўйича иш очилиб, ҳуқуқбузарга ҳайвонот дунёсига етказилган жами 311,9 млн сўм зарар ҳисобланиб, ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган. 

Тирик қолган 20 та бўз эчкиэмар яшаш муҳити бўлган Муборак туманидаги чўл ҳудудларига қўйиб юборилган. 

Ҳолат бўйича суд иши Дехқонобод туман судда кўриб чиқилган. Айбдорга нисбатан 141,9 млн сўм зарарни ундириш ва 3 йил озодликни чеклаш жазоси қўлланган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид