АҚШ разведкаси Россиянинг турли давлатлардаги сайловларга қандай аралашгани ҳақида ҳисобот тузди
Ушбу ҳисобот Қўшма Штатларнинг 100 дан ортиқ мамлакатларидаги элчихоналарига юборилган.
Россия жосуслар, ижтимоий тармоқлар ва давлат оммавий ахборот воситалари орқали турли мамлакатлар фуқароларининг демократик сайловларга ишончини сусайтирмоқда. Бу ҳақда АҚШ разведкаси дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларидаги элчихоналарига хабар юборган, деб ёзди Reuters.
Унда Россия расмийлари, жумладан, Кремл ҳам бундай таъсир амалиётларини қадрлаши ва уларнинг самарали эканлигига ишониши таъкидланади. Шунингдек, Россия Қўшма Штатларда ҳам худди шундай усуллардан фойдаланаётгани эътироф этилган – масалан, Россия субъектлари Жозеф Байден ғалаба қозонган 2020 йилги сайловлар гўё ҳалол ўтмагани ҳақида маълумот тарқатмоқда.
Умуман олганда, Америка разведкаси маълумотларига кўра, Россия Федерацияси 9 та демократик мамлакатда ўтказилган 11 та сайловга ишончни бузишга қаратилган ҳаракатларни амалга оширган. Бундан ташқари, у бошқа 17 та давлатда бунга қаратилган «нисбатан камроқ таъсирчан» ҳаракатларни қилган.
Россия «ошкора ва яширин механизмлардан, жумладан, Россия разведка хизматлари томонидан бошқариладиган таъсир тармоқлари ва ишончли шахслардан фойдаланган». Қайд этилишича, ушбу ташвиқотлар доирасида сайлов комиссиялари аъзолари қўрқитишга учраган, сайлов куни норозилик намойишлари уюштирилган, шунингдек, 2020 йилда мамлакатлардан бирида хорижий сайлов участкаларида «саботаж» содир этилган.
2 октябр куни Словакия Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчихонаси вакилини чақиртирди. Бунга Москванинг Словакияда бўлиб ўтган парламент сайловларига «қабул қилиб бўлмас аралашуви» сабаб бўлгани айтилди. Бунга Россия ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкиннинг АҚШ сайлов натижаларини манипуляция қилиши ҳақидаги баёноти сабаб бўлди.
Словакия Ташқи ишлар вазирлиги бу баёнотни сайлов жараёнига аралашишга қаратилган «атайлаб дезинформация» деб атади. Бу мамлакатда 1 октябр куни бўлиб ўтган сайловларда Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатилишига қарши бўлган собиқ бош вазир Роберт Фицо бошчилигидаги партия ғалаба қозонган эди.
Мавзуга оид
17:22
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
14:56
Ижросини 11 йил кутган “ҳукм”: 18 ёшли чечен қизни зўрлаб ўлдирган россиялик зобит тақдири ҳақида
10:05
Трампнинг қайтиши: Украина масаласида АҚШ ва Европанинг позицияси бўлинадими?
22:10 / 16.11.2024