«Биздан кетгунча, эгасига етгунча» – Сергелидаги портлашдан зарар кўрган хонадон эгалари таъмирлаш ишларидан қониқмаётганини айтмоқда
Тошкент шаҳри Сергели туманидаги омборхонада портлаш юз берганига 28 октябрда бир ой бўлади. Аҳоли хонадонларига етказилган зарарни қоплаш, уйларни таъмирлаш ишлари эса ҳамон давом этяпти. Kun.uz мухбири портлаш зарар етказган ҳудудда бўлиб, таъмирлаш ишлари қандай олиб борилаётганини ўрганди.
Тошкент шаҳри Сергели туманида жойлашган Interlogistics МЧЖ ҳудудидаги омборхонада 28 cентябр куни ёнғин ва портлаш содир бўлганди. Портлаш оқибатларини ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида ташкил этилган Ҳукумат комиссияси ҳолат юзасидан жиноят иши доирасида 4 нафар шахс қамоққа олингани, 1 нафарига нисбатан гаров эҳтиёт чораси қўллангани ҳақида хабар берганди.
Шунингдек, ўрганишлар натижасида омборхонада катта миқдорда кимёвий моддалар, қурилиш ва бошқа маҳсулотлар белгиланган талабларга риоя қилинмасдан аралаш ҳолда сақлангани аниқланди. Таъкидланишича, омборхонада сақланаётган кимёвий модда ва материалларнинг ўзаро таъсирланиши ва кимёвий ўз-ўзидан ёниши юзага келиб, портлаш содир бўлган.
Бунинг оқибатида 39 та кўп қаватли уйдаги 1370 та хонадон ҳамда 246 та ерли хонадоннинг, 1 мактаб ва 1 боғчанинг фасад, ойна-ром, эшик ва том қисмига зиён етказилган ва умумий зарар миқдори 14,5 млрд сўмни ташкил этган. Ҳозир ушбу объектларга пудрат ташкилоти бириктирилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Қурувчилар даҳасидаги 9А кўп қаватли уйда яшовчи фуқаролардан бири Kun.uz мухбири билан суҳбатда зарар етган хонадонлар охиригача таъмирланмасдан ташлаб кетилаётганини айтди.
«Таъмирлашда фақат ойналарни тўғри қўйиб беришди холос. Қўйилган эшикларда тутқич йўқ, устига-устак тўғри қўйилмаган, яхши ёпилмайди ҳам. Қилиб беришади деб усталарнинг рақамини беришганди, қўнғироқ қилсак, бошқа жойга тушиб қолдингиз, дейишяпти. Бизга яшашга яроқсиз ҳолда беришди уйни. 20 кун бошқа жойда яшаб, энди ўзимиз тузатиш учун усталар қўйдик. Пул топган одамлар-ку амаллаб қиляпти, имкони йўқлар-чи, совуқда қоладими? Таъмирлаш бу фақат ойна қўйиш дегани эмас-ку», — дейди у.
9В уйда яшовчи Феруза Айтимбетованинг айтишича, усталар фақат балкон билан меҳмонхона ўртасидаги деразадан бошқа ҳамма жойни таъмирлаб берган. Масъул шахслар бир неча кун ичида қолган жойни ҳам таъмирлаб берамиз деб ваъда бериб кетган.
Ташқи томондан ҳудуддаги умумий ҳолат яхшиланган. Таъмирлаш ишлари тугалланиб қолган. Бироқ аҳоли хонадонлардаги дераза ромлари ва эшиклар шошиб ўрнатилганини айтмоқда.
«Текшириш учун келишганда эшик-деразаларни, кафелларни, телевизорни, машинамизни кўришди. Телевизор ҳақида ҳеч нарса дейишмади, 2 та машинамиздан фақат биттасини таъмирлатиш ҳақида гап бўлди, буниси ҳали турибди. Фақат ойналарни яхши қўйишган, ромлар эса чала, қийшиқ. Кафеллар ҳали таъмирлангани йўқ, ҳозир ҳам нураб тушяпти. Ошхонамизни ўзимизнинг ҳисобдан таъмирладик. Уйларнинг гулқоғозлари йиртилиб, яшаб бўлмайдиган ҳолатга келганди. Бошида 4-5 кун ҳол-аҳвол сўрашди, шундан кейин ҳеч ким келгани йўқ. Ҳамма нарсани қилиб берамиз, дейишганди, аммо фақат ойна билан эшик-ром қилишди», – дейди зарар етган хонадон эгаларидан бири.
3В уйнинг 4-хонадонида истиқомат қилувчи Гулмира Бобоназаровага кўра, хонадонида оила аъзоларидан ҳеч ким жабр кўрмаган, етказилган зарарлар эса қоплаб берилган.
Фуқаролар, шунингдек, фавқулодда ҳодиса бўйича аҳоли муаммоларини тезкор бартараф этиш мақсадида ташкил этилган 1205 қисқа рақамли колл-марказ фаолиятидан қониқмаётганини билдирди.
«Биз ҳам шу талафотни хоҳлаганимиз йўқ, уйларимиз яхши таъмирланганди. Шу 3 кун «биздан ўтгунча, эгасига етгунча» қилиб кетишди. Эшикларимизнинг ҳалигача тутқичи йўқ. Бизга имзо қўйдириб олишди. Кафелларимиз тўкилган, уйда оёқ кийим билан юрибмиз ҳалигача. Кўчани чиройли қилиб кетишди, лекин уй ичи одам яшайдиган ҳолатда эмас. Подъезд ойналари тўкилиб ётибди, бу ёғи совуқ тушяпти, ёғингарчилик бошланяпти. 1205 қисқа рақамига қўнғироқ қилсак, гўшакни олишмайди ҳам. Усталарнинг рақами деб бериб кетишган рақамга қўнғироқ қилсак, бошқа жойга тушдингиз, дейишади», – дейди 9А уй 68-хонадонда яшовчи Омонгул Ўрозова.
Сергели туман ҳокимлиги ҳали ҳам таъмирлаш ишлари давом этаётгани бўйича баёнот берди.
«Ҳақиқатан ҳам баъзи шикаст етиш даражаси нисбатан оғирроқ бўлган хонадонларда ҳозирги кунга қадар таъмирлаш ишлари якунига етмагани ва бу ишлар ҳозирда ҳам давом этаётганини маълум қиламиз. Ушбу ишларнинг ҳанузгача якунланмагани таъмирлаш жараёни учун зарур бўладиган жиҳозларни (ностандарт дераза, эшик-ромлар) тайёрлашга талаб этиладиган муддатлар билан боғлиқ», – дейилади расмий изоҳда.
Шунингдек, ҳокимлик таъмирлашнинг кечикишига пудратчи ташкилотларнинг ўз зиммасига уддалай олмайдиган ишлар ҳажмини олгани, масъулиятсиз ёндашувлар ҳам сабаб бўлганини қайд этган.
Бундан ташқари, ҳокимлик изоҳида «ҳудуд аҳолиси орасида вазиятдан унумли фойдаланиб қолиш, дераза-ромлар ва эшикларни замонавийларига алмаштириб олиш мақсадида уларни қасддан синдириш ҳолатлари ҳам учрагани» қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, Kun.uz нима учун харажатлар давлат ҳисобидан бўлаётгани юзасидан бош вазир матбуот котиби Беҳзод Ҳидоятовга савол йўллаганди.
Ҳидоятов президент бош вазирга захира фондидан маблағ олиб, одамларни тезроқ, совуқ тушмасидан уйларига киргизиш борасида топшириқ берганини қайд этиб, содир бўлган портлаш юзасидан тергов ҳаракатлари ва суд жараёни учун кўп вақт талаб этилишини таъкидлаб, шу боисдан таъмирлашга керак бўладиган маблағлар захира жамғармасидан ишлатиб турилганини айтганди.
Беҳзод Ҳидоятов тергов ва суд ишлари якунига етгач давлатнинг ҳозирги харажатлари корхона зиммасига юкланишини, таъмирлаш учун захирадан ишлатилган пуллар тийин-тийинигача айбдорлардан суд орқали ундириб олинишини билдирганди.
Kun.uz ҳозирги вазиятни ҳам, портлаш бўйича суд жараёнини ҳам диққат билан кузатиб боради.
Тавсия этамиз
Апрелда қанақа об-ҳаво кутиляпти?
Ўзбекистон | 12:09 / 28.03.2025
АҚШда Исроилни танқид қилган турк талаба қўлга олинди
Жаҳон | 22:36 / 27.03.2025
Карманада мактаб ўқувчиси олийгоҳга кириш учун муддатидан аввал максимал баллни тўплади
Жамият | 20:18 / 27.03.2025
“Контрактга кирсанг ўқита олмаймиз дейишган” – oрзулар йўлида стереотипларни енгиб ўтган навоийлик қиз ҳикояси
Жамият | 20:50 / 25.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Туркияда «хазина» кўрсатилган сохта хариталар орқали одамларни чув тушириб келган фирибгарлар ушланди
Жаҳон | 00:37
-
Афғонистон ҳукумати салкам 2,5 минг маҳбусни афв этди
Жаҳон | 00:00
-
Қозоғистондан ота-она қарамоғисиз қолган 10 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди
Ўзбекистон | 22:46 / 30.03.2025
-
Зеленский сайловларга тайёргарликни бошлади — The Economist
Жаҳон | 22:38 / 30.03.2025
Мавзуга оид

16:48 / 28.03.2025
Янгийўлдаги кўп қаватли уйда газ портлади

22:38 / 23.03.2025
Сергелида янги қурилаётган бинода ёнғин юз берди

16:13 / 23.03.2025
Қорақалпоғистонда юк машинасининг баки портлаб кетди. Жароҳат олганлар бор

10:11 / 15.02.2025