Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Даря Дугина ва Владлен Татарскийнинг ўлдирилиши Украина томонидан режалаштирилган — ОАВ
Бу операцияларни ўтказишда Украина разведка хизматларига АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ёрдам бергани айтилмоқда.
Россиялик файласуф Александр Дугиннинг қизи Даря ва «ҳарбий мухбир» Владлен Татарскийнинг ўлдирилиши Украина Хавфсизлик Хизмати (УХХ) томонидан режалаштирилган, деб ёзди The Washington Post (WP) ўз манбалари, шунингдек, Ғарб ва Америка расмийларига таяниб.
Нашрнинг таъкидлашича, Даря Дугина ўлган операциядан мақсад унинг отаси Александр Дугин бўлган. У файласуф ва консерватив публицист, «Рус дунёси» ва неоевросиё мафкурасининг тарғиботчиларидан бири сифатида танилган. У Россиянинг қўшни давлатлар устидан ҳукмронлик қилиши кераклиги, АҚШ ва НАТО таъсирига қарши туриши лозимлиги ҳақидаги ғоялар тарафдори ҳисобланади. Дугин кўп йиллар давомида Москвани жаҳон саҳнасида янада тажовузкор бўлишга чақириб келган. Ғарб оммавий ахборот воситалари уни замонавий Россиянинг асосий мафкурачиларидан бири, унга Владимир Путин, Кремл расмийлари ва кўплаб амалдорлар қулоқ солади деб ҳисоблайди.
Қайд қилинишича, Александр Дугин бошқариши керак бўлган машинага ўрнатилган портловчи қурилмани Украина фуқароси Наталя Вовк мушук ташувчи мосламада олиб келган. Кейинчалик, Россия хавфсизлик кучлари айнан Вовкни қотилликда айблаган эди.
Урушнинг 20 ойи давомида УХХ ва Украина бош разведка бошқармаси «ўнлаб» шунга ўхшаш операцияларни ўтказди. Улар орасида Украинанинг босиб олинган ҳудудларида босқинчилар билан ҳамкорлик қилганлар ва Россия томонидан тайинланган амалдорларни йўқ қилишга уринишлар ҳам бор.
Нашрнинг такидлашича, бу операцияларни ўтказишда Украина разведка хизматларига АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ёрдам берган. WP хабарига кўра, МРБ бу маълумотга изоҳ беришдан бош тортган.
Аввалроқ Украина расмийлари Даря Дугина ўлимига алоқаси йўқлигини билдирган эди. Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк таъкидлаганидек, «Украина, албатта, бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ, чунки биз Россия каби жиноий давлат эмасмиз ва албатта, террорчи давлат эмасмиз».
Мавзуга оид
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
17:21 / 12.06.2026
Россия–Украина урушида фронт чизиғи: ташаббус ким томонда?
16:47 / 10.06.2026