Жаҳон | 10:41 / 24.10.2023
5401
3 дақиқада ўқилади

АҚШ МХА собиқ ходими Россия фойдасига жосуслик қилишга уринганини тан олди

АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг собиқ ходими Жарех Себастян Далке ўз мамлакатига қарши бир қатор жиддий қонунбузарликларда айбдор деб топилди. Уни умрбод қамоқ жазоси кутмоқда. 

Фото: Reuters

АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигида (МХА) қисқа муддат ишлаган кибермутахассис Россия фойдасига жосуслик қилишга уринганини тан олди. Америка Қўшма Штатлари Адлия вазирлиги 23 октябр, душанба куни 31 ёшли Жарех Себастян Далке АҚШ округ судида олтита банд бўйича айбини тан олганини маълум қилди. 

Суд маълумотларига кўра, Далке Америка Қўшма Штатларининг миллий мудофааси ҳақидаги махфий маълумотларни хорижий ҳукумат агентига узатишга уринишда айбланмоқда. МХАда тўрт ҳафтадан камроқ вақт ишлагандан сўнг, Далке ўтган йилнинг июн ойи охирида оилавий сабабларга кўра ишдан кетди. Разведка хизматидаги қисқа муддатли фаолияти давомида у махфий ҳужжатларни чоп этишга муваффақ бўлган. Ишни тугатгандан сўнг, у ихтисослаштирилган онлайн хизматлар орқали уларни Россия агенти деб ҳисоблаган шахсга таклиф қилган, деб хабар берди Адлия вазирлиги. Аслида, у АҚШ Федерал тергов бюросининг (ФТБ) махфий агенти бўлган. 

Ҳужжатлар бевосита АҚШ махфий маълумотларига тегишли 

Аввалроқ Далке махфий агентга АҚШнинг мудофаа қобилияти, маълум криптографик дастурни янгилаш режалари ва номи ошкор этилмаган хорижий давлатнинг ҳарбий қудратини баҳолашга оид учта ўта махфий ҳужжатлардан кўчирмаларни бергани маълум бўлган эди. Далке судда шифрланган электрон почта манзилидан учта махфий ҳужжатдан парчаларни Россия Федерацияси агенти деб ҳисоблаган шахсга юбориш учун фойдаланганини тан олди. 

Тергов маълумотларига кўра, 2022 йил август ойи охирида Далке «Россия агенти»дан ўзида бўлган барча маълумотлар эвазига 85 минг долларни криптовалютада сўраган. Унинг таъкидлашича, бу маълумотлар Россия учун фойдали бўлиши мумкин. Бундан ташқари, собиқ МХА ходими аслида ФТБ томонидан тақдим этилган кўрсатмаларга амал қилган ҳолда, қўшимча махфий маълумотларни Денвердаги «агент»га ўтказишни ташкил қилган. Ўтказилган файллардан бири рус тилидаги хат бўлиб чиқди, унда Далке дўстлик ва ўз ҳаракатининг умумий фойдаси ҳақида ёзган. 

Далке 28 сентябр куни ФТБ томонидан файлларни узатиш пайтида ҳибсга олинган. Бошқа нарсалар қаторида, у махфий агентга 230 минг доллардан ортиқ қарзи борлигини айтган. Аммо прокурорларнинг таъкидлашича, собиқ АҚШ разведкачиси шунчаки Россияга хайрихоҳ бўлган. Ҳукм 2024 йил 26 апрелга белгиланган. Далке жосуслик тўғрисидаги қонунга кўра умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин, агар у айбига иқрор бўлса, бу муддат қисқартирилади. 

Мавзуга оид