Ўзбекистон | 21:37 / 24.10.2023
3119
2 дақиқада ўқилади

Дин ишлари бўйича қўмита Умра зиёрати масаласида фуқароларни огоҳ бўлишга чақирди

Қўмита Умра фаолиятини реклама қиладиган ҳар қандай туристик ташкилотнинг лицензияси мавжудлигини суриштириб кўришга чақирди.

Фото: Kun.uz

2023 йил 1 ноябрдан бошлаб, фақат «Умра лицензияси»га эга туристик ташкилот Умра тадбирларини ташкил этиши мумкин. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита хабар берди.

Қайд қилинишича, 1 ноябрдан сўнг Умра фаолиятини реклама қиладиган ҳар қандай туристик ташкилотнинг лицензияси мавжудлигини суриштириб олиш муҳим. Дин ишлари бўйича қўмита ноқонуний «турфирма» ёки «турагент»лардан эҳтиёт бўлишга чақирмоқда.

Қайд қилинишича, бундай талаблар Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 8 августдаги «Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган.

Унга кўра, Умра хизматларини кўрсатиш фаолияти бўйича қуйидаги қўшимча лицензия талаблари ва шартлари жорий этилмоқда:

- 100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағларни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш;

- Умра хизматлари давомида зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида унинг диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларини тайинлаш;

- Умра хизматларини кўрсатувчи туроператор штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича республика таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг тегишли бакалавриат таълим йўналиши ёхуд магистратура мутахассислиги битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлишини таъминлаш.

Қарорга кўра, Умра хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатиш тақиқланади. Умра хизматлари Саудия Арабистони подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга оширилади.

Мавзуга оид